Тадбир Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ватандошлар, Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги вакиллиги (“WAYU Korea”) фаоллари, Ўзбекистоннинг кореялик ёш дўстлари ва кореялик талабалар иштирокида ташкил этилди.
Акцияда 100 га яқин киши иштирок этди. Улар 6×12 метр ўлчамдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ёйишди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат байроқларини биргаликда кўтариб, икки халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва яқин ҳамкорликнинг рамзий ифодасини намоён этди.


Акциядан кўзланган асосий мақсад – корейс жамоатчилиги ва Сеулдаги хорижий меҳмонлар эътиборини Ўзбекистонга жалб қилиш, икки халқ ўртасидаги самимий муносабатлар ва дўстлик муҳитини намоён этиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда ёшларнинг ўрнини кўрсатишдан иборат.
Тадбир ўтказилган Кванхвамун майдони Сеул марказида жойлашган бўлиб, пойтахт аҳолиси ва хорижий сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган масканлардан бири ҳисобланади. Майдондан ўтаётган кореяликлар ва сайёҳлар акцияни қизиқиш билан кузатди, улкан Ўзбекистон байроғини суратга олди. Уларнинг айримлари Кванхвамун майдонида хорижий давлатнинг бундай катта ҳажмдаги байроғи билан ўтказилган тадбирни илк бор кўраётганини таъкидлашди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14-16 сентябр кунлари Сеулда бўлиши кутилмоқда.














