Ҳа, қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига зомин бўлган, қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритган, бани башар тақдирини кутилмаганда издан чиқариб юборган бу беъмани урушдан (урушнинг маънилиси бўлмайди, аслида) кейинги авлодларга минг йилларга татигулик изтироблар, хотиралар ва унутилмас сабоқлар қолди.
9 май куни Ўзбекистон телеканалларида премьераси бўлиб ўтган «Илҳақ» фильми ҳам мана шу ўлмас ва оғриқли мавзу ҳақида.
Бугун «Илҳақ» ҳақида жамоатчилик ва мутахассислар орасида аллақачон баҳслар бошланиб улгурди. Яъни фильм атрофида турли эътироф ва эътирозлар янграмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, мазкур фильм ўзбек томошабинини таъсирлантириш баробарида, аудиторияда ўзига хос муносабат тўлқинини ҳам уйғота олди.
Ушбу мақолада балиқ ови пайтида қармоқ учига чувалчанг ёки бошқа нарса илиш керак эди, деб ақл ўргатиш йўлидан бормоқчи эмасмиз. Чунки балиқ аллақачон қармоққа илиниб бўлди – фильм намойиш этилди. Зотан, энди чувалчанг ҳақида эмас, балки балиқ ҳақида сўз юритишимиз тўғрироқ ва мантиқлироқдир.
Албатта, фильмни бошдан-оёқ таҳлил қилиш анча куч ва ҳажмни талаб қилади. Шу боис асарнинг айрим қабариқ нуқталарига асосланган ҳолда, баъзи фикрларни баён этишни лозим топдик.
Фильм Иккинчи жаҳон урушида беш нафар фарзандидан жудо бўлган ўзбек аёли – Зулфия Зокированинг аянчли қисматига бағишланган. Жаҳонгир Аҳмедов режиссёрлигидаги мазкур картина марказида меҳр-муҳаббат ва сабр-у матонат тимсоли – Она образи туради.
«Илҳақ»да уруш ҳақидаги кенг тарқалган клише – қолиплардан кенг фойдаланилгани бор гап. Шу боис фильмни томоша қилар экансиз, уруш тўғрисидаги баъзи фильм ва адабий асарлар, хусусан, Саид Аҳмаднинг «Уфқ» трилогиясидаги «Қирқ беш кун» (Катта Фарғона каналининг қурилиши), «Ҳижрон кунларида» (Баҳодир Аҳмедов ижросидаги Мэлснинг урушдан қочиши) ва Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» романи (фронторти машаққатлари, Нигора Каримбоева ижросидаги Саиданинг раисга ўйнаш бўлиши), Саида Зуннунованинг «Руҳ билан суҳбат» достони (Элга тўй берган бева аёл – Дилором Каримова ижросидаги Зулфия аянинг марҳум эри билан унсиз суҳбати) беихтиёр ёдингизга тушади. Аммо фильмдаги ҳар бир кадрда ўзига хос самимият ва ўзбекона руҳ уфуриб туради. Яъни асарнинг таг заминида инкубатордан чиққан сунъий сценарий эмас, балки бадиий асар ётгани яққол сезилади.
Фильмдаги диалоглар пухта тузилган. Унда сўнгги йилларда яратилаётган «хонтахта»ларга хос бачканалик, зўраки кулги, ортиқча оҳанжама ва баландпарвоз сўзамоллик йўқ. Балки буни фильм ижодий гуруҳ таркибидан таниқли сўз санъаткорлари Хайриддин Султонов, Эркин Аъзам, Шуҳрат Ризаев кабилар жой олгани билан ҳам изоҳлаш мумкиндир.









