Воқеалар хронологияси

2020 йил 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг деворида сув сизиб чиқа бошлайди. Сув омборига яқин ҳудуддаги аҳолини эвакуация қилишга киришилади. ФВВ сув босиши хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда яшовчилар ҳам хавфсиз жойларга эвакуация қилинаётгани ҳақида хабар берди.

Фожиа сабабларини ўрганиш мақсадида зудлик билан ҳукумат комиссияси тузилди. Президент Шавкат Мирзиёев шахсан ўзи ҳодиса жойига бориб, авария оқибатларини кўздан кечирди, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.

Сув остида қолган маҳаллалар аҳолиси дастлаб яқин-атрофдаги маҳаллаларга жойлаштирилган бўлса, кейинчалик у ерларни ҳам сув босгани туфайли Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларидаги мактаб, коллеж ва аҳоли хонадонларига, айримлар эса Сирдарёнинг бошқа шаҳар ва туманларига кўчирила бошланди. Умумий ҳисобда 90 мингга яқин фуқаро хавфсиз жойга кўчирилди