«Дэвид Бекҳэм чап оёқда ўйнай олмайди, бош билан ўйнай олмайди, ҳимоялана олмайди, кам гол уради. Лекин қолган жиҳатлари жойида» – буюк Жорж Бест биргина таъриф билан нафақат Бекҳэмнинг камчиликларини санаган, балки, уни ўзига хос футболчига айлантирган сифатини ҳам келтириб берган. Унинг тўп узатиши барча камчиликларининг ўрнини босиб кетарди.

Фото: David Ashdown/Getty Images

1994/95 йилги мавсумда Дэвид атиги 19 ёшда эди, «Манчестер Юнайтед»нинг ўнг қанотида эса Андрей Канчелскиснинг олдига ҳеч ким туша олмасди. Бекҳэмнинг иқтидори барчага маълум, аммо майдонга унга ҳали жой йўқ эди. Ўшанда Фергюсон уни ижарага жўнатиб юборди. Танланган клуб ҳам ажойиб – тўртинчи лигада тўп сурадиган «Престон Норт Энд». Яқиндагина «МЮ» асосий таркибида ўзини кўрсата бошлаган Давид ҳақида эса газеталар ҳам ёза бошлаганди ҳатто.

«Танишинг, Дэвид Бэкҳем, бундан кейин барча жарима ва бурчак зарбаларини у ижро қилади», – деди «Престон» бош мураббийи Гари Питерс.

Табиийки, бу ҳаммага ёқмади. Шундай қилиб, 19 ёшидаёқ Дэвид фаолиятида босимга дуч келди.

Бир неча кун ўтиб, жамоа сафар ўйинига автобусда кетаётганди. Дэвид ҳимоячи Раймонд Шарп билан ёнма-ён ўтириб, газета ўқирди. Мақола Бекҳэмнинг ўзи ҳақида бўлиб, унинг «Манчестер Юнайтед» сафидаги илк голи, ундан кейинги ҳиссиётлар ёритилганди. Шунда Раймонд газетани Дэвиднинг қўлидан тортиб олди ва баланд овоз чиқариб, ўқий бошлади:

«Мен Эрик Кантонанинг оғушига ўзимни отдим. Эҳ, қандай ажойиб, унутилмас ҳиссиёт...»

Бутун автобус кулиб юборди.

«Мен ҳеч қачон бирор одамнинг бу даражада қизариб кетганини кўрмагандим», – деб эслайди «Престон»нинг бошқа бир футболчиси.

Ўйин бошланди, Дэвид захирада қолди. Иккинчи бўлимда бир неча дақиқа ўйнаш учун майдонга туширилди ва жамоа бурчак зарбасини тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Айтилганидек, Давид тўп олдига борди. У тўғридан тўғри зарба билан тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди.

Кейинги ўйинда Бекҳэм жарима зарбасини голга айлантирди. У келгунча ва кетгандан кейин «Престон»да стандарт зарбаларни ижро этган Пол Райнорнинг айтишича, Давиднинг машғулотларда ўзини тутиши бошқалардан ажралиб турарди.

«Машғулотлар кун ярмида ниҳоясига етарди. Аммо у тўпни олиб, бир ўзи стадионда қолиб кетарди. Соатлаб айланма зарбаларни машқ қиларди. Ҳатто бир неча марта йигитлар унга танбеҳ ҳам беришган», – дейди у.