Исломда фарзанд тарбияси қандай бўлиши керак?

Қуръони Каримдаги оятлардан бири мадиналик саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, уйлари узоқлик қилаётгани боис, уйларини сотиб, яқинроқ жойга кўчиб келишлари ҳақида шикоят қилганларида нозил бўлган. Яъни уйларни сотишга ҳожат йўқ, узоқдан келаётган бўлсалар, ҳар бир босилган қадамларига савоб берилади, мазмунида.

«Биз улар келтирган қадамларни, босган қадамларни ҳам ёзамиз ва уларнинг асарини ҳам ёзамиз», – дея марҳамат қилинган. Тафсирларнинг бирида бу оятдаги «уларнинг изи» дегани – бу асаримиз, авлодларимиздир, деган фикр билдирилган.

Аллоҳнинг бу оятидан тушунамизки, Аллоҳ нафақат амалимизни, балки авлодларимиз амалини ҳам ўзимизга ёзади. Шунинг учун тарбия вожиб бўлади.

Орқамиздан яхши тарбияли фарзанд қолдирайликки, ортимиздан фақат савоб борсин, ёмонлик бормасин.

Исломда тарбия вожибдир

Тарбия динимизда вожиб амал, деб эълон қилинган. Биз энг кўп ишлатадиган тарбия, мураббий сўзлари Аллоҳнинг «Роб» исми билан битта ўзакдан олингани тарбиячилар масъулиятини оширса керак, деб ўйлайман.

Демак, бу енгил иш эмас. Тарбия – фақат таъсир, тартиб ёки назорат, тафтиш эмас, у илоҳий нарса. Тарбия фарзандни доим назоратга олиш, кузатиб бориш дегани, чунки Аллоҳ таоло сураи Фотиҳанинг биринчи оятида оламларнинг роббиси Аллоҳга мақтовлар бўлсин, деган.

Бу оятда Аллоҳ Роб исмини келтирган. «Роббил аъламийн» – бутун оламларнинг мураббийси дегани. Агар Аллоҳ мураббийлиги, яъни назорати, кузатувини лаҳза тўхтатса, оламлар издан чиқиб кетади.

Тошкент шаҳар Мирза Юсуф жоме масжиди имом хатиби
Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов

Фарзанд оқ қоғоз кабидир

Агар мураббий ёки ота-она фарзандига бир лаҳза эътиборсиз бўлса, фарзандлар тарбияси бузилиб кетади. Расули акрам соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларки, ҳар бир туғиладиган бола фитратда туғилади, яъни ҳар бир чақалоқ покиза бўлади, у оқ қоғоз кабидир.