Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоятнинг диққатга сазовор 7 маскани ҳақида маълумот берди.

 Мингтепа

 Мингтепа - Андижон вилояти, Марҳамат туманининг шарқий қисмида, Андижон шаҳридан 38 км узоқликда жойлашган. У милоддан аввалги V-IV ва милоднинг IV асрларида ҳукм сурган Довон давлатининг пойтахти бўлган Эрши шаҳри харобаларидир. Кейинчалик Мингтепа деб ном олган Эрши 70 шаҳардан ташкил топган бўлган. Қадимда бу савдо шаҳри орқали “Буюк ипак йўли” ўтган. Хитой ёзма манбаларида тилга олинган мазкур пойтахт-шаҳар ўзининг ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ва “самовий тулпорлари” билан дунёга машҳур бўлиб, ўз даврида Хитой давлати билан рақобатлашган.  

 Имом ота зиёратгоҳи

Зиёратгоҳ қадимдан ислом оламида муносиб ўрин тутган Имом Муҳаммад Ҳанафия номи билан аталиб келинган. Тадқиқотчилар Н.Абдулаҳадов, В.Азимовларнинг “Олтиариқ зиёратгоҳлари”, “Насибаномайи Муҳаммад Ҳанафия” китобларида келтиришича, ислом лашкарбошиси Ҳазрати Алининг ўғли Муҳаммад Ҳанафия Хуросонни забт этиб, аҳолининг исломга киришида хизматлари катта бўлганлиги учун “Хуросон ота”, “Имом ота” номини олган, шунинг учун бу ўлкада Бобо Хуросон, Имом ота номлари билан боғлиқ диққатга сазовор жойлар мавжуд. XVIII асрга оид зиёратхона-хонақоҳ XIX аср охирларида андижонлик Маҳмудалибой томонидан қайта тикланган. Ушбу объект 1982 йилда меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган.  

 Хонобод сиҳатгоҳи

Хонобод – водийнинг гўзал табиатли, мусаффо ҳаволи, экотуризм учун қулай ҳудуди. Бу ерда ҳордиқ чиқариш билан бирга бетакрор табиат манзараларидан завқ олиш мумкин. Сиҳатгоҳ денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган иқлимий курорт ҳисобланади. Хонобод санаторийси ўзининг кислород билан тўйинган, ионлаштирилган ҳавоси билан юқори ва қуйи нафас йўллари, асаб тизими, юрак қон-томир касалликларини даволашга ихтисослашлган. Хонобод сиҳатгоҳида шунингдек сурункали гастрит, холецистит, панкреатит, гастродуоденит, ошқозон ва 12 бармоқли ичакнинг яра касаллиги – чандиқланиш босқичида, сурункали пиелонефрит, сурункали ич қотиши, гинекологик ва урологик касалликлар, периферик асаб тизими касалликлари, суяк ва бўғим касалликларидан азият чекаётган беморлар даволанади. Сиҳатгоҳ ҳудуди 10,5 гектар майдонни эгаллайди. Унинг ҳудуди қайрағоч, терак, эман, ёнғоқ, акация, каштан, арча, чинор ва бошқа дарахтлар билан бурканган.