Фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида баён этилган қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммга тенг.

Мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача тўрт минг сўм, 1 кг арпа ўртача уч минг сўм, 1 кг майиз ўртача ўттиз беш минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача ўттиз минг сўм экани аниқланди.

Шунга кўра, 2020 йил (1441 ҳ.) учун фитр садақасининг миқдори:

≈ 2 килограмм буғдой 8 000 (саккиз минг) сўм;

≈ 4 килограмм арпа 12 000 (ўн икки минг) сўм;

≈ 2 килограмм майиз 70 000 (етмиш минг) сўм;

≈ 4 килограмм хурмо 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини бериш кифоя бўлиши таъкидланди.

Фитр садақаси ўзи нима?

Фитр садақасининг вожиб эканлигида ўзига хос ҳикматлар бор. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни ҳайит намоздан олдин адо қилса, у мақбул садақадир. Ким уни ҳайит намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақани бўлади”-дедилар. Абу Довуд ва Дорамий ривоят қилади.

Ушбу ҳадиси шарифдан фитр садақасининг ҳукмини ва унинг савобини топиш билан биргаликда иккита ҳикмат ва фойда кўзда тутилиши маълум бўлади.

Биринчи ҳикмати ва фойдаси фитр садақаси Рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди. Шунинг учун Вакеъ ибн Жарроҳ “Рамазон ойининг фитр садақаси худди намознинг саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлган вақтда саҳв саждаси намозни тўғрилагандек, фитр садақаси рўзанинг камчиликларини тўғрилайди”, - дейди. Лекин бирор узр билан рўза тутолмаган кишилар ҳам рўза тутиш вожиб бўлмаган ёш болаларга ҳам фитр садақасини бериш вожиб бўлади.