— Келаси ҳафта Абу-Дабида АҚШ, Россия ва Украина вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. АҚШдаги оралиқ сайловларда демократларнинг ғалабаси бу музокараларга, умуман Россия-Украина урушига қандай таъсир қилади?
Абдували Сойибназаров: Конгрессга сайлов натижалари Россия–Украина урушига катта таъсир кўрсатишини кутмаяпман. Чунки Қўшма Штатларда президент бир позицияда бўлиши мумкин, Пентагон ва Марказий разведка бошқармаси эса бошқа йўналишда ҳаракат қилиши мумкин. Доналд Трамп шу пайтгача Россияни музокаралар жараёнига жалб қилиш, ундан дизел ёқилғиси сотиб олиш ёки Россиянинг айрим инвестицион лойиҳаларига қаршилик кўрсатмаслик зарурлигини таъкидлаб келмоқда. Унинг фикрича, асосий мақсад – Россияни ранжитиб, музокаралар столини тарк этишига сабаб бўлмаслик.
Кўпчилик Трампни Украинага босим ўтказаётганликда айблайди. Бироқ АҚШнинг бошқа давлат идоралари фаолиятига ҳам эътибор қаратиш керак. Тўғри, маълум бир даврда Украинага разведка ва бошқа ҳарбий маълумотларни етказиш маълум муддатга тўхтатилди. Аммо бошқа вақтларда Пентагон ва Марказий разведка бошқармаси Украинага зарур маълумотларни тақдим этишда давом этди. АҚШ томонидан Украинага қурол-яроғ ёрдами ҳам етказиб берилмоқда. Шу сабабли, ҳатто келаси йил демократлар Конгрессда кўпчиликни қўлга киритган тақдирда ҳам, АҚШнинг Украинага нисбатан амалдаги сиёсатида кескин ўзгариш бўлмайди, деб ҳисоблайман.
Шуҳрат Расул: Россия–Украина урушида Трампнинг тутган позицияси зиддиятли бўлди. Шунга қарамай, у турли босимларга қарамасдан, Украинага ёрдам беришга мажбур бўлди. Бунга, аввало, Америка жамоатчилигининг позицияси сабаб бўлди. Сўровларга кўра, америкаликларнинг 60 фоиздан кўпи уруш бошида Украинани қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари, Демократик партия вакиллари ва жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатувчи шахслар ҳам Трампга босим ўтказиб келмоқда. Яқинда бўлиб ўтган намойишларни эслайлик, Украинани қўллаб-қувватлаш ва Трампнинг сиёсатига қарши қаратилган бу намойишлар АҚШнинг 300 та шаҳрида ўтказилди.
Орадан ҳали бир-икки ҳафта ҳам ўтгани йўқ, шунинг учун Америка халқининг бу позициясини иккинчи даражали деб ҳисоблаш хато бўлади. Менимча, америкаликларнинг Трампга қарши сўнгги чиқишлари унинг Россия, хусусан, Путин позициясига яқинлашиб бораётганига муносабат эди. Бу намойишларда илгари иккиланиб турганлар, ҳатто шу пайтгача Трампни қўллаб-қувватлаганларнинг бир қисми ҳам унинг Россияга муносабати ҳақида хулоса чиқарди.
Энди импичмент масаласига келсак, тарихда бунга ўхшаш ҳолатлар бўлган. Масалан, Ричард Никсон ўз партиядошларининг бир қисми ҳам унга қарши овоз беришини англагач, истеъфога чиқишга мажбур бўлган. Доналд Трамп ҳам бир марта импичмент жараёнига дуч келганини эслатиб ўтиш керак. Ўша жараёнда ҳам унга қарши овоз берганлар орасида республикачилар бор эди.










