Унинг мақсади – Ўзбекистон чорвадорлари ва аҳолиси учун иқлимимизга мослашган, маҳсулдорликда чет элнинг валютага олиб келинадиган зотларидан қолишмайдиган, арзон ва серсут эчки зотини ишлаб чиқишга эришиш.

Лойиҳа маҳаллий дастурга ҳам киритилди. 2018 йил декабрь ойида 60 бош эчки олиб келиниб, Марҳаматнинг Улуғтоғ ҳудуди яйловларида парваришлай бошланди.

Ҳозирги кунда эчкилар сони 300 бошдан ошган бўлиб, хорижнинг Заанен ва ўзимизнинг маҳаллий эчкиларни чатиштириш йўли билан олинаётган янги зотнинг иккинчи авлоди устида иш олиб борилмоқда.

Тадбиркорларнинг эчкилари шароит яхши бўлса, икки йил давомида 2 минг бошга етиши керак эди. Аммо ундай бўлмади. Сабаби, туман ҳокимлиги томонидан эчкиларга озуқа етиштириш учун етарли ер майдони берилгани йўқ.

Олим чорвадорнинг туман, вилоят ва республика миқёсидаги мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатларга эса фақат қуруқ ваъдалардан иборат жавоблар қайтарилмоқда холос.

«Лойиҳа дастурга тушган, лекин умуман эътибор йўқ»

Эчкилар боқилаётган яйлов – Марҳаматнинг қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудиги Улуғтоғ ёнбағирларидамиз. 80 ёшли тажрибали чорвадор ўзи дуч келаётган тўсиқлар ва муаммолар ҳақида гапирди.

«Президентимизни илм-фан аҳлига кўрсатаётган эътибори, ватанимиз равнақида тадбиркорларнинг ролини кўтариш, фан янгиликлари, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш ҳақидаги чақириқларидан руҳланиб, нафақадаги чорвадор бўлсам ҳам янги лойиҳани бошладим.

Ўз вақтида чорвачилик соҳасида 40 йил ишлаб, қорамол зотини яхшилаш бўйича Чорвачилик илмий текшириш институтида номзодлик диссертациясини ёқлаганман. Узоқ йиллар «совхоз»да зоотехник бўлиб ишлагандим.