Марҳамат туманидаги “Марҳамат агропилла” МЧЖ раҳбари жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, “Марҳамат агропилла” МЧЖ раҳбари А.А. ҳамда Марҳамат тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари Ш.Ж. тил бириктириб, 837 кишини ишли қилишган. Бироқ фақат қоғозда.
Улар ижтимоий реестрда рўйхатда турувчи 837 кишининг шахсга доир маълумотларини қонунга хилоф равишда йиғишган. Сўнгра ягона миллий меҳнат тизимига улар “Марҳамат агропилла” МЧЖга ишга қабул қилингани ва 2025 йил май-октябр ойларида гўёки жамиятда ишлагани, уларга 6,3 млн сўм иш ҳақи ҳисоблангани ҳақида сохта маълумотлар киритишган.
Бу орқали туманда аҳолининг ишсизлик даражаси ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган ватандошлар сонини сунъий равишда камайтиришни мақсад қилишган.
Шу тариқа, гўёки иш билан таъминланганлик важи билан юзлаб ватандош камбағаллик реестридан чиқариб юборилган. Оқибатда камбағаллик реестридаги 78 кишига тўланиши лозим бўлган моддий ёрдам пуллари тўланмай қолган.
А.А. судда айбига иқрор бўлган. Қилмишидан пушаймонлигини айтиб, енгиллик сўраган.
ЖИБ Марҳамат туман суди ҳукми билан А.А. Жиноят кодексининг 141-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а, г” бандлари, 28,205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ҳамда 28,209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан айбли деб топилган. Унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундирган ҳолда 1 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.









