Алишер Рўзиохунов (журналист): Осиё тараққиёт банки яқин кунларда коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига таъсири бўйича маълумотларни янгилади. Суҳбатимизни шундан бошласак, киритилган янгиликлар ҳақида айтиб берсангиз.

Синди Малвичини (ОТБ): Ҳа, одатда банкимиз ҳар йили апрель ойида Осиё ривожланиш режаси номли ахборотномани эълон қилади. Сентябрда ушбу ахборотнома яна янгиланади. Жорий йилда анъанага содиқ қолиб, ахборотномани эълон қилдик ва унда коронавируснинг глобал иқтисодиётга таъсири ҳақида маълумот берилиши аниқ эди. Рақамлар кутилгандек қувонарли эмас: 3 ой ихоталанишда яшаш иқтисодиётга қарийб 4 триллион доллар зарар қилди. Агар муддат чўзилса, аҳвол яна ёмонлашади. Хусусан, Осиёда ҳам бу кузатилмоқда. Аммо Марказий Осиёдаги вазият дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби жуда ёмон эмас.
Шунга қарамай, бу минтақанинг иқтисодий салоҳиятига путур етказади. Масалан, бу Марказий Осиёдаги катта иқтисодиётга эга Ўзбекистон учун тараққиётни бир йил ортга суриши мумкин.
А.Р.: Ҳа, бу катта масала. Бошқа тарафдан хом-ашё етказиб бериш масаласида ҳам муаммолар бошланган. Кейинги даврда маҳаллийлаштириш сиёсати устунлик қилиши ҳақида миш-мишлар юрибди. Сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?
С.М.: Хом-ашё ва деталларни етказиб беришдаги қийинчиликлар аллақачон йирик компаниялар олдида пайдо бўлганди. Унинг оқибатида иш ўринлари қисқариб, талаб пасайиши кузатилди. Маҳсулотларни экспорт қилиш ҳам қийинлашди. Аммо соғлиқни сақлаш тизимида нарсаларни етказиб бериш масаласи бироз қийинчиликка айланди.
Ҳукуматлар пандемияда масалага жиддий ёндашмоқда. Ўзбекистон соғлиқ сақлаш тизимига ҳам вирусга қарши самарали кураш олиб бориши учун бир қанча тиббий ашёлар керак. Сунъий нафас берувчи аппаратлар, тиббиёт ходимларининг ҳимоя воситаларидан тортиб, ялпи тест ўтказиш учун ресурслар зарур. Талаб кескин ошяпти. Албатта, Ўзбекистон тиббий ҳимоя воситаларни ишлаб чиқаради ва бунда давом этяпти. Аммо барча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тиббий ҳимоя воситаларини халқаро стандартларга мос тайёрлашни билмайди. Балки биз кўп нарса маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришимиз мумкиндир, кичик ва ўрта тадбиркорлар халқаро стандартларга мос товар ишлаб чиқариб, уни бозорга олиб чиқиши учун бироз тажриба керак.










