Ўзбекистон | 09:03 / 02.06.2020
7148
4 дақиқада ўқилади

«Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Қонуннинг мақсади юридик шахслар, фуқаролар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Қонуни лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, тўловга қобилиятсизлик – иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритиш жараёни бошланган санадан эътиборан вужудга келадиган пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар ушбу Қонуннинг мақсадлари учун, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса жорий тўловлар ҳисобланади.

Кредиторларнинг жорий тўловлари бўйича талаблари кредиторлар талаблари реестрида акс эттирилмайди.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш юритиш пайтида кредиторларнинг жорий тўловлари бўйича талабларини қондириш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриб чиққан иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
 
Қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги:

агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини, қарздор фуқарога нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз бараварини, якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида юз бараварини ташкил этса, қарздорнинг тўловга қобилиятсизлик аломатлари ҳисобланади.
 
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш ушбу Қонун 5-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлганда иқтисодий суд томонидан қўзғатилиши мумкин, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
 
Пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор ва кредитор эга.

Қарздор ва кредитор тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир таомилларни қўллаш зарурлигини кўрсатиши лозим.

Мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги муносабати билан қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий органлари эга.
 
Ушбу Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлганда, қарздор тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздор юридик шахс қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг қарори ёхуд қарздор мол-мулкининг эгаси томонидан вакил қилинган органнинг қарори асосида тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилади.

Мавзуга оид