Ўзбекистон | 15:36 / 05.06.2020
52541
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда аҳоли орасида янги беморлар қайд этилиши давом этмоқда. «Mediapark» қўриқчисида коронавирус аниқланган

4 июнь куни Тошкент шаҳрининг учта туманида - Миробод , Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари аниқланган. Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Mediapark» савдо мажмуасида қўриқчи бўлиб ишловчи шахсга вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Айни кунларда коронавирус инфекциясига қарши самарали олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз натижасини бериб, карантин тадбирлари аста-секин юмшатилмоқда. Шу билан бирга, ҳамон аҳоли орасидан касаллик қайд этилиш ҳолатлари учраб турибди.

4 июнь куни қайд этилган 96та касалланиш ҳолатидан 13 нафари аҳоли орасида аниқланган. Шундан 4 ҳолат Тошкент шаҳридан, 1 ҳолат Тошкент вилоятида, яна 8 ҳолат эса Навоий вилоятида қайд этилган.

«Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида вақтинча яшовчи фуқарода тана ҳарорати кўтарилган, томоқда оғриқ безовта қилган. У текширувдан ўтказилганда коронавирусга чалингани маълум бўлди. Шу туманда жойлашган қурилиш фирмасининг ходимида ҳам ишга келиш учун таҳлил  ўтказилганда коронавирус аниқланган. 

Миробод туманида яшовчи, нафақадаги фуқаро юқори қон босими билан тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб келинган ва текширилганда унда ҳам коронавирус тасдиқланган.

Бундан ташқари, Юнусобод туманида яшовчи фуқарода тана ҳароратининг кўтарилиши ва томоқда оғриқ безовта қилган. Уй шароитида турли антибиотик дори воситаларни қабул қилган.

Тошкент вилоятида яшовчи, пойтахтимиздаги Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Mediapark» савдо мажмуасида қўриқчи бўлиб ишловчи фуқарода ҳам тана ҳарорати кўтарилиши, ҳолсизлик, қуруқ йўтал ва томоқда оғриқ безовта қилган. Инфекция аниқланган ушбу бемор ҳам уй шароитида турли антибиотик дори воситаларни қабул қилган», дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, Навоий шаҳридан 6 нафар, Навбаҳор ва Кармана туманларидан эса 1 нафардан коронавирусга чалинган бемор бевосита аҳоли орасида тасдиқланган.

Қайд этилишича, юқоридаги барча ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилиб, тегишли қатъий чоралар кўрилмоқда.

«Бу каби аҳоли орасида касалланиш ҳолатларининг учраб туриши атрофимизда касалланган, аммо белгилари сезилмай юрган фуқаролар ҳам бўлиши эҳтимоли юқори эканидан далолат. Шу боис, биринчи навбатда, карантин қоидаларига қатъий риоя қилинг. Қолаверса, касаллик белгилари сезилса, ўз билганингизча даволанишга ҳаракат қилмасдан дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан ҳар қандай ҳолатда ҳам хотиржамликка берилмай, карантин ва санитария қоидаларига қатъий амал қилиш ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шарти эканини асло унутмаслигингизни сўрайди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид