Иқтисодиёт | 15:03 / 07.06.2020
9539
3 дақиқада ўқилади

Фарғонага бу йил давлат бюджетидан 1,4 трлн сўм ажратилмоқда – Молия вазири ўринбосари

2019 йили Фарғона вилоятининг инвестиция дастурлари учун 560 миллиард сўм маблағ ажратилган. Жорий йил эса қўшимча ажратиладиган барча маблағлар қўшиб ҳисобланганда, 1 триллион 400 миллиард сўм пул ажратилмоқда. Яъни Фарғона вилоятига ажратиладиган маблағ бу йил олдинги йил билан солиштирганда 2,2 баравар кўп.

Халқаро пресс-клубнинг Фарғона вилоятига бағишланган сонида Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров давлат бюджетидан Фарғона вилоятига ажратилаётган маблағ миқдори ҳақида маълумот берди.

«Пандемия ва глобал инқирозлар шароитида, одатда, даромадлар тушиб кетади. Лекин даромадлар тушиб кетгани учун харажатларни қисқартирсак, бунинг салбий оқибатлари ошади, ишсизлар сони кўпаяди.

Шунинг учун, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилди ва даромадлар тушишига қарамасдан бюджет харажатлари кўпайтирилди. Бунинг сабаби бюджет ҳисобидан киритиладиган инвестициялар орқали иш ўринларини яратиш имкони бор», деди Аҳадбек Ҳайдаров.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Фарғона вилояти учун ҳам ажратиладиган бюджет маблағлари ошган. Масалан, ўтган йили Фарғона вилоятининг инвестиция дастурларига 560 миллиард сўм маблағ ажратилган. Жорий йил эса қўшимча ажратиладиган барча маблағлар қўшиб ҳисобланганда, 1 триллион 400 миллиард сўм пул ажратилмоқда. Яъни Фарғона вилоятига ажатиладиган маблағ бу йил олдинги йил билан солиштирганда 2,2 баравар кўп.

«Ўтган йили вилоятда йўлларни таъмирлаш учун 49 миллиард сўм, жорий йил эса 110 миллиард сўм ажратилган. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 2019 йилда 54 миллиард сўм ажратилган, 2020 йил эса шу мақсаддаги ишларга 94 миллиард сўмдан кўпроқ пул сарфланади», дея маълумот берди вазир ўринбосари.

Аҳадбек Ҳайдаров Сўх туманидаги вазиятга ҳам тўхталиб, ҳудуддаги ички йўлларни бетон қопламалар билан таъмирлаш кўрсатмаси берилганини айтиб ўтди. Йўллар реконструкциясига маҳаллий аҳоли жалб қилинади ва бу орқали мингга яқин иш ўрни яратилади.

Бундан олдинроқ Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов Фарғона вилоятининг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда аҳоли яшаш шароитини яхшилашга қаратилган 11 трлн сўм қийматга тенг бўлган 913та лойиҳа шакллантирилгани ҳақида маълумот берганди.

Мавзуга оид