Муҳокамаларга «Ишонч» газетасида чоп этилган «Жамиятга «Зулфия»чи қизлар керакми?» номли мақола туртки бўлиб, унда давлат мукофотига сазовор бўлиш учун пулга шеър ёздириш ҳолатлари кузатилаётгани айтиб ўтилган.           

«Мукофотга даъвогарларнинг барча ҳаракатлари – ижод ҳам, қўлга киритилиши ният қилинган ютуқлар ҳам «Зулфиячи» деган мақомга эришиш, мукофот ортидаги имтиёзга етишишга қаратилгандай. Ҳатто бу йўлда номдорроқ ижодкорларга битта китобчага етгулик – 30-40та шеър ёзиб бериш эвазига яхшигина маблағ таклиф қилган номзодлар ҳам қулоққа чалиниб туради», дейилади мақолада.

«Зулфия» номидаги давлат мукофоти учун номзодларнинг саралаш жараёнига нисбатан норозилик кайфияти кеча ёки бугун кўтарилаётган мавзу эмас. Аввалроқ Kun.uz сайтида «Эътирозлар ва яна эътирозлар: «Зулфия» танловига очиқлик принципи бегонами?» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган бўлиб, унда жамоатчилик фаолларининг мазкур давлат мукофотининг берилиш тартиби, лауреатларга берилаётган имтиёзлар масаласи атрофидаги эътироз ва таклифлари келтириб ўтилган.

Мақоладан сўнг давлат мукофоти учун номзодларни саралашда асосий ижрочи бўлган Хотин-қизлар қўмитасида мазкур эътирозлар бўйича қўмитанинг собиқ раиси Танзила Норбоева бошчилигида тор доирада муҳокама ўтказилган, давлат мукофотини бериш тартибини тамомила қайта кўриб чиқиш ва ташкиллаштиришга келишилган эди.

«Танловнинг ўтказилиш тартиби халқда норозиликларни келтириб чиқаряптими, чиндан ҳам орденни қўлга киритгандан кейин лауреатларни йўқотиб қўйяпмизми, демак, мукофот учун номзодларни саралаш тартибини жиддий асосда кўриб чиқишимиз лозим», – деган эди Танзила Норбоева.

Бу масала 2019 йилнинг июль ойида кўтарилган бўлса-да, 2020 йилги тақдирлаш маросими учун ўтказилган танлов ҳам эски сценарийлар асосида ўтказилди. Саралашнинг республика босқичи видеокузатув остида ўтказилгани, тақдирлаш маросимидан олдин барча номзодлар иштирокидаги очиқ форумни айтмаган-да, саралаш тартибида ўзгариш бўлгани йўқ.

Табиийки, бу йил ҳам анъанавий тақдирлаш маросими – 8 мартдан кейин яна эътирозлар кузатилди, мана бугун эътирозлар тўлқини яна ҳаракатга келиши учун биргина учқун етарли бўлмоқда.