Компьютер кундалик ҳаётга қанчалик чуқур кириб бормасин, унинг умумий саломатликка, хусусан, кўриш органларига салбий таъсири ҳақида ҳам унутмаслик керак.

Компьютер кўриш синдроми

Компьютердан узоқ ва давомли фойдаланиш натижасида «компьютер кўриш синдроми» юзага келади. Фаолияти компьютер билан боғлиқ бўлган ҳар кимда кузатиладиган бу синдром кўзларда чарчоқ, қизариш, қум қадалгандек ҳиссиёт, қуруқлик ва санчиқ, кўриш қобилиятининг хиралашуви, қичиш, бош ва бўйинда оғриқ, иш куни якунидаги чарчоқ каби белгилар билан намоён бўлади.

Компьютердан фойдаланишда базавий қоидаларга риоя қилмаслик эса бу синдромнинг пайдо бўлиш эҳтимолини оширади.

Компьютердан фойдаланишда диққат қаратиш керак бўлган қоидалар:

  • монитордан 50-60 см узоқликда бўлиш;
  • ҳар 45 дақиқада кўзга дам бериш ва кўз гимнастикасини бажариш;
  • мониторнинг ёруғлик, контраст созламаларини тўғри ва қулай тарзда белгилаш;
  • бир хил ҳолатда узоқ вақт ўтирмаслик;
  • мониторнинг кўз билан бир кесимда жойлашуви (кўздан баландда ёки пастда бўлмаслиги керак);
  • дисплей ва иш жойида чанг тўпланиб қолмаслигини назорат қилиш;
  • кўзни юмиб-очмай узоқ тикилишни камайтириш;
  • иш хонасининг ўта қоронғи бўлмаслигини таъминлаш даркор.

Компьютер кўзга қандай таъсир қилади?

Компьютердан фойдаланишда кўриш фокус масофаси жуда кам ўзгартирилади ва кўз кам очиб-юмилади. Натижада кўриш органлари мушаклари зўриқади ва кўз соққаси етарлича намланмайди, бу эса кўзда ёқимсиз қуруқлик ва чарчоққа сабаб бўлади.

Шунингдек, барча электрон ускуналар сингари компьютердан ҳам электромагнит тўлқинлар тарқалади. Компьютер қанчалик замонавий бўлмасин, кўк ва бинафшаранг спектр нурларининг кўплиги боис кўзда зўриқиш ҳосил қилади.

Компьютердан кўзга етадиган зарарни минималлаштириш мақсадида махсус компьютер кўзойнакларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Ҳимоя кўзойнаги чиндан фойдалими?

Компьютерлар учун мўлжалланган ҳимоя кўзойнаги чиндан фойдалими ёки кераксиз атрибут – жуда баҳсли масала.