Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Ўзбекистон ҳам 15 июндан халқаро авиақатновларни қисман тиклай бошлади, хориждан келувчи рейслар ҳам «яшил», «сариқ» ва «қизил» рейсларга ажратилди. Йўловчиларга ҳам, авиаташувчиларга ҳам қатор талаблар қўйилди.

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидай, тартибларга амал қилинади ва учиб кетилаверади. Аммо қатор саволлар борки, уларнинг жавоби ё ўта мавҳум берилмоқда, ёки очиқ қолдирилмоқда.

Мисол учун:

  • Рухсат берилганлар рўйхатида даволаниш учун келаётган (чиқаётган) ва хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар ҳам бор. Улар бунинг учун қандай ҳужжатларни қайси ташкилотга тақдим этишлари ва қай тартибда рухсат олишлари лозим?
  • Дастлабки босқичда умумий рейсларнинг неча фоизини тиклаш режалаштирилган? Қачон хорижий мунтазам рейсларга барча кассаларда чипталар сотуви бошланади?
  • Рухсат берилганлар тоифасига яна “Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқаролари” дейилган. Бу хорижий давлатларда вақтинча рўйхатдан ўтган ёки нолегал мақомига тушиб қолганларга рухсат берилмаслигини англатадими?
  • Самолётлар бу қадар чекловлар билан учирилиши парвозларни оқлайдими, яъни «Uzbekistan Airways» чипталари сотилмай қолиш хавфи туғилмайдими?
  • Карантин давридаги халқаро парвозлар учун йўловчилар жойлашуви бўйича низом ишлаб чиқилганми? Аввал хабар берилган “3 қаторлик чеклов”, яъни учталик ўринларда фақат бир киши ўтирадиган чекловга амал қилинадими?
  • Ички рейсларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши белгиланганди. Аммо нега бу режа амалга ошмади (Урганч - Тошкент йўналишидаги ҳолат мисол бўла олади)?
  • Энг муҳими, дунёнинг кўплаб давлатлари карантин шароитига мослашди, таваккал қилиб авиақатновларни тикламоқда. Қачон Ўзбекистон фуқаролари ва юртимизга келувчилар эркин тарзда авиачипта харид қилиб, бемалол парвоз қила бошлайдилар? Ахир коронавируснинг буткул йўқолиб кетишини кутишда мантиқ йўқлиги аён бўлмоқдаку.

Шу ва бошқа саволлар билан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлигига бир неча марта мурожаат қилдик. Аммо бирорта жавоб ола билмадик. Вазирлик матбуот хизмати мавзу юзасидан махсус брифинг уюштиришга ваъда берди, ҳатто бу тадбир муддати белгиланди ҳам. Лекин ўзларига маълум сабаб билан брифинг ўтказилмади. Тайёрлиги айтилган битта баёнотни ўқиб, ҳеч бўлмаса энг муҳим саволларга жавоб беришнинг имкони топилмади. Қолдирилган брифинг яқин кунларда ўтказилиши ҳақида билдиришди, аммо бу ҳам амалга ошмади.