Икки декан ўринбосари, мактаб ўқитувчиси ва коллеж ҳисобчиси қўлга олинди — сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар
Бош прокуратура матбуот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.
Қорақалпоғистон ва Бухорода фуқароларни ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган декан ўринбосарлари ушланди
Нукус давлат педагогика институтининг ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Д.С. хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, фуқаро Т.нинг ишончига кириб, уни танишлари орқали мазкур институтга ўқишга киритиб қўйиш эвазига олдиндан талаб қилган 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Тезкор тадбир Департаментнинг Кегейли туман бўлими томонидан прокуратура, ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.
Худди шундай, Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Бухоро муҳандислик технология институти декани ўринбосари М.А. ҳамда Тошкент давлат ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти Бухоро вилоят филиали талабаси М.Қ. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро О.ни Москва давлат радио электроника ва радио техника институтига ўқишга кириши учун онлайн тарзда бўладиган тест синовларидан ўтказиб бериш эвазига 2 500 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан, 1 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланганлар.
Бу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168 ва 28, 211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Асакада сохта диплом ваъда қилган коллеж ҳисобчиси ушланди
Асака тумани тиббиёт коллежи бош ҳисобчиси Б.Х., фуқаро З.нинг ишончига кириб, унга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали «Ҳамширалик иши» йўналишида ўқигани ҳақида диплом олиб бериш эвазига олдиндан талаб қилган 1 100 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Б.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тезкор тадбир Департаментнинг Асака тумани бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.
Пскентда ТДПУга ўқишга киритишни ваъда қилган мактаб ўқитувчиси ушланди
Тошкент вилояти Пскент туманидаги 13-сонли мактаб ўқитувчиси Х. фуқаро Ш.ни танишлари орқали Тошкент давлат педагогика университетининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 500 АҚШ доллари ва 3,8 млн сўмни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тезкор тадбир Департаментнинг Пскент туман бўлими томонидан ўтказилган.
Яккабоғ туман ободонлаштириш бошқармаси ҳисобчиси ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Яккабоғ туман ободонлаштириш бошқармаси бош ҳисобчиси Ш.Г. ва бошқалар 2016-2019 йиллар давомида 8,1 млн сўмни ўзи ва 3 нафар фуқаронинг яшаш хонадонига электр энергияси тўлови учун ўтказгани, шунингдек, бошқарма балансидаги объектлардан тушган 70,7 млн сўм нақд пулларни кирим қилмасдан, ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан Ш.Г. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Терговга қадар текширув Департаментнинг Яккабоғ тумани бўлими томонидан ўтказилган.
Наманганда ер ажратиб бериш эвазига фуқародан пул талаб қилган фирибгар ушланди
Наманган вилоятида фуқаро М.Б. фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида фуқаро А.нинг ишончига кириб, унга тумандаги «Б.» фермер хўжалигидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун 2 гектар ер майдони ажратишни танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 8 000 АҚШ доллари ва 20,4 млн сўмни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Ҳолат юзасидан фуқаро М.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тезкор тадбир Департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.
Яккасаройда 2 тонна этил спиртини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди
Тошкент шаҳрида фуқаро М.А. хорижда ишлаб чиқарилган 2 тонна этил спирти ва 100 дона идишларни харидор А.га 52,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Ҳолат юзасидан фуқаро М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг186(1)-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тезкор тадбир Департаментнинг Яккасарой туман бўлими томонидан ўтказилган.
Мавзуга оид
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024