Янги ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим ташкилотларида биринчи сменадаги ўқув машғулотлари соат 08:00 да бошланади.

Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, бу тартиб – пойтахтда эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда йўллардаги юкламани камайтиришга қаратилган.

“Мазкур тартиб кундузги ва кечки таълим шаклларида таҳсил олаётган талабалар учун ўқув кунини тўғри режалаштириш, машғулотлар ва бошқа ўқув фаолияти учун вақт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида Тошкент шаҳридаги олий таълим ташкилотлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, педагоглар ҳамда талабалар мазкур тартибни инобатга олишлари сўралади”, – дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги бир қатор давлат ташкилотларида иш вақтини соат 8:00 дан 17:00 гача деб белгилаш таклифини илгари сурган эди.