Адлия вазирлиги «Ватан таянчи» отряди аъзолари ҳамда «Ватанпарварлар» ва «Шижоат ва ғайрат» мусобақаларининг республика босқичи ғолибларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартибини белгиловчи идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжат 2026 йил 26 августда 3931-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Янги тартибга кўра, «Ватан таянчи» ҳаракатида фаол иштирок этган ҳамда давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари, Президент, ижод, спорт ва ихтисослаштирилган мактаблар, мактаб-интернатлар, академик лицейлар ҳамда техникумларни аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир «Ватан таянчи» отрядидан бир нафар аъзога тавсиянома берилади.

Шунингдек, «Жасорат мактаби»ни аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир «Ватан таянчи» отрядининг бир нафар аъзоси ҳам тавсиянома олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари, «Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақаларининг республика босқичида 1-ўринни эгаллаган жамоа аъзолари ҳамда маҳалла ёшлари ўртасида ўтказиладиган «Шижоат ва ғайрат» мусобақаларининг республика босқичида ғолиб бўлган жамоа аъзоларига ҳам тавсиянома тақдим этилади.

Тавсияномалар Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати томонидан берилади.

Тавсияномага эга абитуриентларга олий ҳарбий ёки ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари, шунингдек, юридик таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёз берилади. Хусусан, тест синовлари ёки якка тартибдаги якуний суҳбат натижасида тўпланган баллнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшилади.

Берилган тавсиянома 3 йил давомида амал қилади.