2025 йилнинг июл ва 2026 йил июн ойи ҳолатига кўра, битирувчиларнинг республика миқёсидаги ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн сўмни ташкил этди, дея хабар берди Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги.
Йўналишлар кесимида эса энг юқори ўртача даромад ижод ва спорт соҳаларида — 6,33 млн сўм. Амалий фанлар битирувчилари ўртача 5,5 млн, ижтимоий-гуманитар йўналишдагилар 4,61 млн, тиббиёт битирувчилари эса 4,43 млн сўм расмий даромад олган.
Битирувчиларнинг ўртача даромади энг юқори бўлган олий таълим муассасалари:
- Тошкентдаги С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти филиали — 23,4 млн сўм;
- Инҳа университети — 12,6 млн сўм;
- Вестминстер университети — 12,5 млн сўм;
- Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети — 10,6 млн сўм;
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 10,3 млн сўм;
- Тошкент ахборот технологиялари университети — 9,4 млн сўм;
- Сингапур менежментни ривожлантириш институти — 9,3 млн сўм;
- Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали — 9 млн сўм;
- Тошкент давлат юридик университети — 8,4 млн сўм;
- Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети — 8,1 млн сўм.

Ҳудудлар кесимида битирувчиларнинг энг юқори ўртача ойлик даромади Тошкент шаҳрига тўғри келади — 6,6 млн сўм. Навоий вилоятида эса бу кўрсаткич қарийб 5 млн сўмни ташкил қилган. Кучли учликдан 4,96 млн сўм ўртача ойлик даромади билан Тошкент вилояти ўрин олган.
Агентликка кўра, бунда расмий қайд этилган даромадлар ҳисобга олинган. Индексни ҳисоблашда битирувчининг даромади у истиқомат қилаётган ҳудуддаги ўртача иш ҳақи билан солиштирилган.









