Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатга кўра, ноширлик фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
ноширлик фаолиятининг эркинлиги;
китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш;
муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
ноширлик фаолияти эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик.
Ноширлик фаолияти субъектлари ўз фаолиятида, шу жумладан мавзуни, ихтисослашувини, ишлаб чиқариш кооперациясини аниқлашда, муаллифларни танлашда, ададларни, ноширлик маҳсулотининг нархини белгилашда, ўзаро алоқаларнинг, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек бошқа ташкилотлар билан алоқаларнинг шаклларини белгилашда мустақилдир.
Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари мансабдор шахслари томонидан, агар улар нашр муаллифи бўлмаса, ноширлардан материалларнинг олдиндан келишиб олинишини, матнни олиб ташлашни ёки унинг айрим қисмларини тузатишни талаб қилишига йўл қўйилмайди. Нашрга тайёрланган қўлёзмаларни ва материалларни цензурадан ўтказишга йўл қўйилмайди.
Давлат, ноширлар, ноширлик маҳсулотини тайёрловчилар ҳамда тарқатувчилар китобхонлик маданиятини оммалаштиришга ва оширишга кўмаклашади.
Китобхонлик маданиятини оммалаштириш ва ошириш қуйидагилар орқали амалга оширилади:
китобхонликни тарғиб қилиш учун қулай ахборот маконини шакллантиришга кўмаклашиш ва ижтимоий аҳамиятга молик адабиётдан фойдаланишни таъминлаш;
миллий ва жаҳон адабиёти классикларининг энг яхши асарларини чоп этиш ва тарқатиш, шунингдек улардан китобхонларнинг фойдаланишини таъминлаш;
жамоатчилик онгида китобнинг қиммати ва аҳамияти тўғрисида барқарор тасаввурларни шакллантириш;
аҳолининг барча қатламларини, аввало ёшларни китобхонликка жалб этиш.
Ноширлик фаолиятида муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий вазифалари муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашдан, шунингдек контрафакт маҳсулотни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши курашишдан иборатдир.















