Коронавирусдан вафот этган шифокор Алишер Ураловнинг хонадонига Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ташриф буюриб, марҳумнинг оила аъзоларидан кўнгил сўради. Вазирлар Маҳкамаси, ССВ ва ОАВ вакиллари иштирокида президент қарорида белгиланган тартибда марҳумнинг оиласига 250 миллион сўм миқдоридаги компенсация тўлаб берилди.

«Вазир отамнинг ўлимига сабаб бўлганлар жавобгарликка тортилишини айтди»

Марҳум шифокорнинг қизи Шаҳноза Ҳасанова Kun.uz мухбири билан суҳбатда вазир Алишер Шодмоновга миннатдорчилигини билдирган.

«Бугун эрталаб Сергели тумани тиббиёт бўлими бошлиғи қўнғироқ қилиб соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов таъзия билдириш учун хонадонимизга келаётганини хабар берди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай вазиримиз уйимизга кириб келдилар.

У кишини илгари яқиндан кўрмагандим, фақат ОАВ орқали кўрганман. Соғлиқни сақлаш вазири мени диққат билан эшитдилар, барча саволларимга жавоб бердилар, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга, отамнинг вафотига сабабчи бўлганлар, вазифасига совуққонлик билан ёндашган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига ишонтирдилар. Шу билан бирга, бирламчи экспертиза хулосасини суд органлари даражасида ўрганилишини назорат қилишга ваъда бердилар. Бундан қалбим ёришди.

Суҳбат давомида вазиримизнинг ниҳоятда самимий инсон эканликлари, ҳақиқатни тан ола билишлари, вазир сифатида соҳани чуқур билишларига амин бўлдим. Ҳар битта саволим, эътирозларимга мулоҳаза билан жавоб бердилар. Берилган жавоблардан қониқиш ҳосил қилдим», дейди Шаҳноза Ҳасанова.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи Зилола Уралова ҳам адолат қарор топганидан миннатдор эканини билдирди.

«Уйимизга соғлиқни сақлаш вазирининг ўзлари келиб, кўнгил сўраганларидан, ҳар қандай вазиятда дардимизга шерик бўлиб, нимагадир эҳтиёжимиз бўлса, ҳамиша кўмакка тайёр эканликларини айтганларидан кўнглимиз тоғдай кўтарилди. Эътибор, ғамхўрлик шунчалик бўлади. Эркаги йўқ хонадонимизни йўқлаб, дардимизга ҳамдард эканликларини айтганларида кўз ёшларимни тийиб туролмадим.

Бўлган ишларни тақдирдан деб биламиз. Хўжайинимни Аллоҳ раҳматига олсин. Бундай пайтда қўлимиздан сабр ва дуо қилишдан бошқаси келмайди. Бироқ у кишининг йўқликларига кўника олмаяпман. Шу кунларда ўғил фарзандимиз бўлмаганидан ўкиндим, икки қизим ҳам отасини тобутини кўтара олмаганидан кўпроқ сиқилиб йиғлашди.