Жиноий иш очилишига сабаб журналистнинг Архангелск области ФҚБ биносидаги теракт ҳақидаги муаллифлик дастури бўлган. Роскомнадзор ва Тергов қўмитаси вакиллари Прокопьева ўз матнида терроризмни оқлаган деган қарорга келган, чунки у ҳокимиятни танқид остига олиб, портлашни уюштирган талабани «Нородная воля» инқилобчилар ташкилоти аъзосига менгзаган. Суд учун экспертиза ўтказган лингвистлар Прокопьеванинг сўзларида терроризмни оқлашни топа олишмаган, лекин экспертлар хулосаси ишга тикилмаган.

«Такие дела» портали Светлана Прокопьеванинг суддаги сўнгги сўзини келтирди.

Светлана Прокопьева. Фото: Артём Аванесов

«Ҳурматли суд!

Ўзимнинг чиқишимни ўйлаб кўриб, одатимга кўра ўз-ўзимга савол бердим: мен оммага қандай муҳим гапни айтмоқчиман? Сўнгги сўз одатда диққат билан тингланади, шунинг учун уни шунчаки ҳамдардлик исташ учун сарфлаш ярамайди.

Аввалига мен сўз учун жиноий таъқиб қилишнинг бор куч-қудрати билан жазолаш нақадар тутуруқсиз иш эканлиги — жамоатчиликнинг жонли муҳокамасига нисбатан бу бирқадар самарасиз эканлиги ҳақида сўзлашга қарор қилган эдим. Ўзингиз ўйлаб кўринг: кўз олдимизда амалдор ёки сиёсатдон, ёки шунчаки таниқли инсон қандайдир аҳмоқона, қўпол ёки ҳақоратли сўзларни айтиб қўйиб, шов-шув кўтарилгач қисқа муддат ичида амалидан ёки реклама шартномаларидан маҳрум бўлгани борасида кўплаб мисоллар бор. Ижтимоий тармоқлар тезда ва аниқ муносабат билдиради. Жамоавий ўз-ўзини сақлаш инстинктига риоя қилган ҳолда жамият адоват ва нафрат тилини бартараф этади.

Энди буни менга очилган жиноий ишга таққосланг. «Давлат учун қатағонлар» («Репрессии для государства») матни эълон қилинганида уни ўнлаб, борингки юзлаб одам ўқиган. Халқ ичида бирор кўтарилишга сабаб бўлгани йўқ эди. Орадан ярим йил ўтиб уйимга СОБРчилар автомат билан бостириб кириб, остин-устун қилиб ташлашди, нарсаларимни олиб кетишди — эндиликда мана, икки йилдирки экспертларни жалб қилган ҳолда матнларда жиноят таркиби бор-йўқлигига аниқлик киритмоқдамиз. Бу ҳолатда Роскомнадзор томонидан хавфли деб топилган матн юз минглаб одамлар томонидан ўқилди, инглиз тилига таржима қилиниб, турли давлатларда ҳам машҳур бўлди.

Мен тилга олмоқчи бўлган бошқа мавзу — ҳуқуқнинг тескари қилинган пирамидаси ҳақида.