Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги раҳбари Чен Исин сунъий интеллект мамлакат миллий хавфсизлиги учун хавф-хатарлар туғдириши ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради NDTV.
Унинг таъкидлашича, “душман кучлар” сунъий интеллектдан сиёсий миш-мишлар ва зарарли маълумотларни тарқатиш ҳамда Хитойга қарши “когнитив уруш” олиб бориш учун фойдаланмоқда. Чен сўзларига кўра, бундай технологиялар мамлакатнинг сиёсий, институционал ва мафкуравий хавфсизлигига бевосита таҳдид солади.
Шунингдек, у сунъий интеллектнинг киберҳужумлар учун имкониятлари ривожланаётгани сабабли муҳим ахборот инфратузилмасига ҳам таҳдид борлигидан огоҳлантирди. Идора раҳбарининг қайд этишича, хорижий махсус хизматлар давлат маълумотлари, тижорат сирлари ва фуқароларнинг шахсий маълумотларини ўз ичига олган махфий ахборотни кенг миқёсда йиғиш учун интеллектуал тизимлардан фойдаланмоқда.
Чен сунъий интеллектни глобал технологик рақобатнинг асосий йўналишларидан бири ва йирик давлатлар ўртасидаги стратегик рақобатнинг янги майдони деб атади. У Хитойни сунъий интеллект моделларини ўргатиш учун зарур бўлган илғор компьютер чипларини ишлаб чиқариш каби асосий технологияларда мустақилликни таъминлашга чақирди.
Бу огоҳлантириш Хитой раиси Си Жинпинг ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг Вашингтондаги учрашувига тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда янгради. Хавфсизлик ва сунъий интеллектни тартибга солиш масалалари музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Бир кун аввал АҚШ собиқ президенти Барак Обама, агар ҳукумат сунъий интеллект ривожини назорат қилишнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиқмаса, у хавфли тус олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.















