Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги расмий сайти хабарига кўра, Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умрзоқов бошчилик қилган.
«Гибрид формат»да, махсус онлайн платформада ташкил этилган тадбирда ташкилотнинг Женевадаги штаб-квартира биносида туриб иштирокчи давлатларнинг делегациялари бевосита, бошқа иштирокчилар эса, жумладан, турли давлатларнинг пойтахтларидан экспертлар — видеоконференцалоқа орқали иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича ишчи гуруҳи раиси, Корея Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотидаги доимий вакили Пак Жи-А тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон томонидан Ташкилотга кириш ва зарур ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ўтилган босқичлари билан таништирган.
Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши нуқтайи назаридан республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида маърузаси тақдим этилган. Ушбу жараённинг қайта тикланиши 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилангани ва мамлакатнинг кўп томонлама савдо тизимига қўшилиши орқали ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланган.

ЖСТ бош директори ўринбосари А.Вулф ташкилот котибияти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири мамлакатларга ЖСТга киришда кўмаклашиш эканлигини таъкидлади ва шу сабабли Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини тиклаш тўғрисидаги қарорини олқишлади ва ташкилот раҳбарияти номидан ушбу ташаббусда барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Шунингдек, бир қатор бошқа давлатлар, минтақавий ва тематик гуруҳларнинг вакиллари Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлашга қаратилган фикрларини баён қилишган.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо режими тўғрисида кенгайтирилган Меморандумнинг муҳокамаси бўлиб ўтди ва мамлакат томонидан ташқи савдо соҳасидаги тартибга солишни ЖСТга аъзо давлатлар томонидан тан олинган меъёрлар ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар қайд этилди. Шунингдек, Меморандум бўлимлари бўйича савол-жавоблар сессияси бўлиб ўтган.







