Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганидан кейин импорт божи ставкаларини қонун билан белгилаш амалиётига ўтишни режалаштирмоқда. Ҳозир бож ставкалари президент фармони билан тасдиқлаб келинмоқда.
Президентнинг 27 август куни имзоланган божхона ислоҳотига оид фармонига биноан, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганидан сўнг ягона ҳужжат тамойили асосида қуйидагилар қонун билан белгиланади:
товарларнинг ТИФ ТН бўйича кодлари;
ТИФ ТН кодлари юзасидан ЖСТ доирасида келишилган максимал миқдорлар (bound rate);
импорт божхона божи ставкалари.
Тегишли қонун лойиҳаси 2027 йил декабр ойигача ишлаб чиқилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг 2026 йил март ойидаги саммитида ташкилотга расман аъзо бўлиб киришни режалаштирган эди. Бундай бўлиб чиқмагач, бу мақсадга жорий йил якунига қадар эришилиши айтилмоқда.
















