Ўзбекистон | 12:56 / 10.07.2020
49780
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусни қайта юқтириш мумкинми? Давлат бош санитария инспектори жавоб берди

Жанубий Корея ва Хитой, Японияда ҳам коронавирусдан даволаниб чиққанлиги айтилган инсонларда қайта касалланиш ҳолатлари қайд этилгани хабар қилинди. Kun.uz мухбири Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида айни масала юзасидан мутахассисларга мурожаат қилди. 

Журналист, “Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекциясидан соғайганлар орасида қайталаганлар бўлдими?”, - дея мутахассисларга юзланди. 

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков Kun.uz мухбирининг бу саволига жавоб берар экан, вирусли касалликни юқтириб, соғайганлар қайтадан бу касалликка чалинмаслигини, аксинча унинг бошқачароқ намунасига чалиниши мумкинлигини билдирди. 

“Касалликнинг қайталаниши, яъни бир одамнинг икки маротаба бир касаллик билан хасталаниши ҳақида гап кетаётган пайтда, биз аниқ биламиз, вирусли, айниқса, ўша респиратор касалликлар билан оғриган инсонларнинг иммун тизими уларнинг қайтадан ушбу касаллик билан касалланишига йўл қўймайди. Уларда орттирилган иммунитет шаклланади. 

Лекин, бир нарсани билишимиз керак, одамда респиратор-клиник белгиларни чақириши мумкин бўлган жуда кўп вируслар бор. Грипп, парагрипп, ревируслар, оддий шу коронавируснинг 6 хил намунаси ҳам бор. Айнан шу касаллик билан қайта хасталанди, деган фикр менимча, тўғри эмас. Бу ерда ўша касалликнинг ўзгарган, қайсидир хислатини сақлаган, мутациялашган штаммлари ҳақида гап бўлиши мумкин. 

Ҳатто бирор кишида бирламчи касалланишдан сўнг, иккинчи бор шу вирусни юқтирса, унда иммунитетнинг жуда саёз кўриниши бўлган тақдирда ҳам, кейинги хасталаниш ҳолати аввалгисига қараганда бирмунча енгил кечади. Негаки, организм хотирасида ушбу касалликка қарши антитаначалар ишлаб чиқариш бор”, - деди Давлат бош санитария инспектори АОКАда ташкил этилган брифингда.

Мавзуга оид