Ўзбекистон | 14:57 / 25.07.2020
38041
2 дақиқада ўқилади

Беморда қандай белгилар кузатилса стационарга ётқизилиши ҳақида маълумот берилди

Ҳансираш, қоннинг кислород билан таъминланиш даражаси пасайиши, қон босимининг кескин тушиши ва кўтарилиши ҳамда юрак уришининг тезлашиши каби белгилар коронавирусга чалинган беморнинг шифохонага кўчирилишига асос бўлади.

Фото: kp.ru

Бугун, 25 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов коронавирусга чалинган беморда қандай белгилар пайдо бўлса стационар шароитга ўтказилиши лозимлиги ҳақида маълумот берди.

Ҳабибулло Оқиловнинг қайд этишича, ҳансираш, яъни ҳаво етмаётганлигини сезиш стационар шароитга ўтказиш учун асос бўлади. Бунда нафас олиш частотаси беморнинг тинч ҳолатида дақиқасига 22 ва ундан юқори бўлиши лозим.

Кейинги симптом тана ҳароратининг 39 даража ва ундан юқори бўлиб, ҳароратни туширувчи дори воситалари ёрдам бермаслиги ҳисобланади.

«Қоннинг кислород билан таъминланиши 90 фоиздан паст бўлиши, қон босимининг тушиб кетиши ёки кескин кўтарилиб кетиши (90 дан паст ёки 220 дан юкори), юрак уришининг тезлашиши, яъни пульснинг бир дақиқада 130 ва ундан юкори бўлиши, беморда онг кўрсаткичларининг пасайиши каби белгилар ҳам беморни стационар шароитга ўтказиш учун асос бўлади», - деди штаб аъзоси.

Таъкидланишича, бемор 60 ёш ёки ундан катта бўлса, ёндош касалликлар – диабет, гипертония, юрак хасталиклари, ўпка ва буйрак сурункали касалликлари, онкологик касалликлар ва иммунитетнинг пастлиги каби шикоятларга эга бўлса ҳам стационар шароитга ўтказилиши керак.

Чидаб бўлмайдиган оғриқлар, жумладан бош оғриғи, тўхтовсиз кайт қилиш ва интенсив диарея кузатилганда ҳам бемор дарҳол шифокорга мурожаат қилиши, зудлик билан тиббиёт муассасасига ётқизилиши лозим.

Мавзуга оид