07:58 / 12.07.2020
22804

Дунёнинг энг бой одамининг собиқ рафиқаси АҚШнинг энг бой аёлига айланди

Amazon акциялари бир ҳафтада, яъни 2 июлдан 9 июлгача 10 фоизга ошгани сабабли дунёнинг энг бой одами, компания асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги 16,2 млрд долларга кўпайди ва 188,2 млрд долларга етди. Худди шу сабабга кўра, Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Безоснинг бойлиги ҳам ортди, 62,3 млрд долларга етди ва у АҚШнинг энг бой аёлига айланди.   

Фото: Getty Images

Маккензи Безос 2019 йилда ажрашгандан кейин турмуш ўртоғига тегишли акцияларнинг чорак қисмини олган. Ўша вақтда бу акциялар нархи 36 млрд доллар турган. Шундан бери акциялар нархи ошиб борган ва Маккензи Безоснинг бойлиги ҳозирга келиб деярли 2 мартага кўпайди.

Эътиборлиси, Маккензи Безос ушбу кўрсаткич эвазига АҚШнинг энг бой аёлига айланди. У бу борада Walmart компанияси асосчиси Сэм Уолтоннинг қизи Элис Уолтондан ўзиб кетди. Ҳозирда Маккензи Безос бойлиги миқдори бўйича L'Oreal компанияси асосчисининг набираси Франсуазе Бетанкур-Майердан ортда қолмоқда. Лилиан Беттанкурнинг набираси ҳозирда 64 млрд долларга эгалик қилмоқда.  

Шунингдек, энг бой одамларнинг умумий рейтингида ҳам эркаклар, ҳам аёллар орасида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Жумладан, жорий ҳафтада SpaceX компанияси асосчиси ва Tesla бош директори Илон Маск рўйхатда бир нечта миллиардерни, жумладан Berkshire Hathaway директорлар кенгаши раиси Уоррен Баффетт ва Осиёнинг энг бой одами, ҳиндистонлик Мукеш Амбанини     ортда қолдириб, 7-ўринга кўтарилиб олди. Бу Tesla акциялари 11 фоизга кўтарилиши ортида Маскнинг бойлиги 6,1 млрд долларга ортгандан кейин юз берган. Ҳозирда тадбиркорнинг бойлиги 70,6 млрд долларга баҳоланмоқда.  

Top