Ўзбекистон | 15:27 / 18.07.2020
20883
2 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев Ғузордаги 127 кишида коронавирус чиққан заводга борди

Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев қурилиш ишларида ишлаётган 127 кишида коронавирус аниқланган Ғузордаги заводга борди. Заводнинг ўзида вилоят ҳокими иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Ғузор туманидаги «Uzbekistan GTL» заводига борди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берган.

8 июль куни Ғузордаги синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариладиган бу заводдаги қурилишда ишлаётган 127 кишида коронавирус аниқлангани маълум бўлганди. Бугун, 18 июль куни «Uzbekistan GTL» заводида бўлган Зойир Мирзаев коронавирусга қарши амалга оширилаётган ишлар ва қурилиш жараёни билан танишди.

«Uzbekistan GTL» заводининг ўзида Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида брифинг ўтказилди. Вилоят ҳокимининг айтишича, 20 июлгача Қашқадарёда 8 700та захира ўринлари тайёр бўлади (катта эҳтимол билан гап карантин ўринлари ҳақида кетмоқда). Бугунги кунда эса 890та захира ўрни мавжуд.

Мирзаев Қашқадарёда коронавирусга қарши курашда 5 280 нафар тиббиёт ходимлари жалб қилинганини айтган. Шунингдек, нафақага чиққан, аввал тиббиёт соҳасида, ҳарбий соҳада ишлаган тажрибаси бор вирусолог, инфекционистлар захирага тайёрлаш мақсадида рўйхат қилинаётгани маълум бўлди.

Мирзаевга кўра, Қашқадарёдаги ишонч телефонларига ҳар куни ўртача 185та қўнғироқ бўляпти ва улардан 40-42таси озиқ-овқат ёки дори-дармон сўрови бўйича. Вилоятда ёрдамга муҳтож одамларнинг моддий сўровларини қаноатлантириш имкони борлиги айтилди. Маълум бўлишича, айни дамда вилоятдаги «Саховат ва кўмак» жамғармасида 4,2 миллиард сўм пул бор ва охирги бир кунда жамғармага ҳомийлар томонидан 56 миллион сўм пул тушган.

Маълумот учун, Қашқадарёда айни дамгача 409 кишида коронавирус аниқланган. Улардан 318 нафари тузалган. Кеча бир кун давомида вилоятда 42 киши вирусдан тузалган.

Мавзуга оид