Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгаши Қурбон ҳайитини нишонлаш ва ҳайит намозини адо этишга доир ўз фатвосини эълон қилди. Унда баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилингани қайд этилади. Қуйида Уламолар кенгаши фатвоси билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ўз ҳузурида энг улуғ кунларни бизга байрам қилиб берган

Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!

Ҳазрати Расули муҳтарамга салом ва салавотларимиз бўлсин!

Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши номидан Сиз азизларни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.

Маълумки, бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Лекин, бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинди.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолдаги хулосалари айни Қурбон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.