“5 дақиқа”да 2000-йилларнинг энг яхши асари – Улуғбек Ҳамдамнинг “Исён ва итоат” романи ҳақида гаплашамиз.
Юқорида айтганимиз – асар қаҳрамони Акбар муаллим қамоқдан чиққанидан сўнг яна ўз касбига қайтишни хоҳлайди. Аммо ўтмишдаги тамға унга барча эшикларни ёпади. Инсон учун энг оғир ҳолатлардан бири ҳам шу: ўзини кераклиман деб ҳис қилган жойидан четлатилиши. У озодликка чиқади, аммо қалби ҳақиқий маҳкумга айланади.
У адоқсиз исёнлар ичида қолади. Одамларга, ўзи яшаб турган жамиятга, тақдирига қарши қаттиқ исён қилади.
Бу исён фақат Акбаргагина тегишли эмасди. Ўз касби билан яшашни истаган, лекин шароит бошқа йўлларга бурган одамлар кўп эди. Кимдир ўз шаҳрини тарк этарди, бошқаси чет элда мардикорчилик қиларди, айримлар ўз салоҳиятига мос бўлмаган меҳнатга кўникади.
Демак, Акбарнинг исёни фақат қамоқхонадан, суддан ёки битта воқеадан пайдо бўлмаган. Унинг исёни аста-секин ҳаётнинг ўзига қараб кенгайиб боради. Чунки у жамиятда инсоннинг қадрсизланиши, адолатнинг кўзига рўмолча боғлаб қўйилгани одатий ҳол эди.
Бундай мувозанатсизлик инсондаги юзаки – моддий исённи, сиз-у биз кўриб турган норозиликни намоён қилади. Бироқ роман эса янада ичкарироққа киради. Китоб ўзини англашга уринаётган, ҳаёт маъносини излаётган одамларнинг исёни ҳақида ҳикоя қила бошлайди.
Масалан, Лариса хола ёшлигида ҳаётнинг лаззатларига берилиб яшаган, гўзалликнинг ўткинчи эканига ишонмаган аёл. Фарзанд кўришни истамайди, кўнгил майли билан яшаб қолмоқчи бўлади. Вақт келиб танишлар, кўнгил овловчиларнинг барчаси уни тарк этади. Унинг ҳаётга қарши исёни шу тарзда синалади.
Одатда кўпчилик тақдирлар бир-бирини такрорлайди. Диана ҳам дастлаб худди шу йўлдан юриб кўради...
Турсунбой жонталаш эса мутлақо бошқа олам. Бутун умрини меҳнат билан ўтказади. Унинг учун рўзғор, дала, уй-жой – ҳаётнинг ҳақиқий маъносини англатади. Бироқ инсон бундай яшаш учун ҳам туғилмаган.
Айниқса Акбар ва унинг устози Табиб ўртасидаги муносабатлар асар моҳиятини англашда жуда муҳим. Табиб унга “сафарга отлан” дейди. Бу гапнинг маъносини Акбар дарҳол англаб етолмайди. У аввало ташқи йўлга чиқади: бошқа шаҳарлар, бегона одамлар, оғир кунлар, янги муносабатлар унинг ҳаётига кириб келади. Аммо аста-секин маълум бўладики, ҳақиқий сафар одамнинг ўз ичига қилган сафаридир.







