Жаҳон | 11:02 / 02.08.2020
20728
1 дақиқада ўқилади

Walmart тармоғи сунъий гўшт сотишни бошлади

Дунёдаги энг йирик супермаркетлар тармоғи Walmart АҚШдаги 2 мингта дўконида сунъий гўшт сотишни бошлади. 

Фото: iStock

Дунёдаги энг йирик супермаркетлар тармоғи Walmart АҚШдаги 2 мингта дўконида сунъий гўшт сотишни бошлади. 

Bloomberg’нинг хабар беришича, Impossible Foods компанияси сунъий гўштининг Walmart дўконларида сотилиши ушбу маҳсулотни АҚШдаги 8 мингта дўконда сотиб олиш мумкинлигини англатади. 

Impossible Foods директори Дэвид Лининг таъкидлашича, сунъий гўштни сотиш бўйича Walmart билан музокаралар 3 йил давомида олиб борилган. “Бу муҳим даврдир, чунки биз энди оммага хизмат қилишга тайёрмиз”, деб таъкидлаб ўтган Ли. 

Impossible Foods’нинг барча маҳсулоти Walmart дўконларида ҳайвон гўшти сотиладиган расталарда жойлаштирилади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича,  вегетариан гўштининг бундай жойлаштирилиши унинг савдосини 23 фоизга оширади. 

Аввалроқ, яқин 10 йил ичида дунёда истеъмол қилинадиган гўштнинг 10 фоизи сунъий гўшт бўлиши маълум қилинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид