Айни пишиқчилик даври, тарвуз ҳам сероб. Бу маҳсулот хуштаъмлиги, чанқовбосдилиги билан бирга, саломатлик учун ҳам кони фойда.
Таркиби
Тарвуз – А, С, Е витамини, В гуруҳи витаминлари, магний, калий, кальций, фосфор, темир ва натрий моддаларини ўзида сақлайди.
Шунингдек, тарвуз антиоксидант моддалар бўлмиш ликопин, ниацин, тиамин моддаларига бой. 100 гр тарвуз 38 килокалорияга эга.

Фойдаси
- Тарвуз сувга бойлиги боис пешоб ва сафро ҳайдовчи таъсирга эга. Шарбати буйраклар ва жигарни токсинлардан тозалайди. Организмда холестерин миқдорини камайтиради.
- Унинг таркибидаги фолий кислотаси тери ва соч гўзаллигига ижобий таъсир кўрсатади, ҳазм тизимини яхшилайди, моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.
- Қариш жараёнини секинлаштиради, онкологик касалликлардан профилактика қилади.
- Маҳсулотнинг 100 грамми организмнинг магнийга бўлган эҳтиёжини 60 фоизга тўлдиради. Бу эса бошқа моддаларнинг сўрилишига ёрдам беради, юрак-қон томир тизими учун фойдали.
- Стрессдан ҳимоялайди, бахт гормонларининг ишлаб чиқарилишига импульс беради.
- Кўриш қобилиятини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди.
- Очлик ҳиссини нейтраллаштиргани боис парҳезбоп саналади, озишга ёрдам беради.
Қачон ва қандай истеъмол қилиш керак?
Тарвузни ҳаддан ташқари кўп ейиш пешоб халтасида дискомфортни келтириб чиқаради. Овқатдан кейин дарҳол ейиш мумкин эмас, бу қорин дам бўлиши (метеоризм), ичакдаги бузилишларга сабаб бўлади.
Тарвуз мағзи ва пўстлоғи микроблар кўпайиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Шу боис уни кесилган ҳолатда узоқ сақлаш, кесилган тарвузни харид қилиш тавсия этилмайди.
Сунъий шароитларда, тезлаштирилган тарзда етиштирилган тарвузни танлаш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки бунда маҳсулот азотли ўғитлар билан тўйинтирилади. Улар организмга тушгач, нитритларга айланиши, бу моддалар юрак-қон томир касалликлари, нафас олиш ва пешоб айириш тизимида муаммоларни келтириб чиқариши маълум.

















