Бу ҳолатда салгина олдинроқ ўзининг оғир шароитини эсдан чиқармаган мутасаддиларнинг етти пуштини дуо қилиб турган хонадон аҳли қай ҳолатга тушади? Мана шундай ҳолат Денов туманининг «Зарафшон» маҳалласида рўй берди. Бир қарашда жуда кўнгилсиз ва хижолатли кўринадиган вазиятга масъуллар тузган рўйхатлардаги чалкашликлар ва тушунмовчиликлар сабаб бўлгани ойдинлашди.

«Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали Қурбон ҳайити арафасида юртимиздаги эҳтиёжманд оилаларга сектор раҳбарлари раҳбарлигида бир марталик ёрдам пули тарқатилди. Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги «Зарафшон» маҳалласида айрим кам таъминланган оилаларга маҳалла томонидан 500 минг сўмдан ёрдам пули тарқатилган. Бироқ у кўп ўтмасдан йиғиб олинган.
Воқеага аниқлик киритиш мақсадида маҳаллага борганимизда биз билан суҳбатлашган фуқаролар бу ҳақда ҳикоя қилиб беришди.
Жумладан, шу маҳаллада яшовчи Феруза Мўминова қуйидагича сўзлаб берди:
«Маҳалла томонидан ҳақиқатан ҳам пул тарқатилди. Қанча эканига эътибор ҳам бермасдан қўл қўйиб бердик. Уйга кириб қарасам, 500 минг сўм экан. Орадан икки соат ўтиб маҳалладан икки киши участка профилактика инспектори билан келди. «Пулни қайтариб беринглар, давлатни ҳақига хиёнат қилманглар», дейишди. Ишлатиб қўйганимни айтганимда «қаердан бўлса ҳам топинглар», дейишди. Ростан ҳам ҳозирги пайтда пулга муҳтож эдик...»

Яна бир фуқаро Ўлмас ая Болтаева ҳам маҳалладан икки киши келиб, дафтарга қўл қўйдириб, 500 минг сўм пул беришгани, суратларга тушириб олишгани, аммо орадан бир неча соат ўтиб қайтариб олишганини айтди.
«Маҳалла вакиллари пулни қайтариб олишга келишганида илтимос қилдим, қийналаётганимни айтдим, «йўқ, бу пуллар бошқага берилиши керак экан, биз ҳам гап этишдик», дея қайтариб олишди», дейди Ўлмас ая.

Албатта, эҳтиёжманд оилаларга давлат номидан пул тарқатилиб, унинг қайта йиғиб олишини кишида таажжуб уйғотади. Шу сабабли биз маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, масъулларни саволга тутдик.



















