Сурхондарё вилоятида умумий узунлиги 111 километр бўлган Дарбанд–Бойсун–Элбаён автомобил йўлини қуриш ва таъмирлаш лойиҳасининг биринчи босқичи якунланди.

30 август куни, Мустақиллик байрами арафасида лойиҳанинг 5–32,5 километрлик йўл қисми тўлиқ қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, биринчи босқич доирасида 7 та кўприк, тунги ёритиш тизимига эга 8 километр пиёдалар йўлаги барпо этилган.

Шу муносабат билан лойиҳанинг 7,1-километрида жойлашган йўл ўтказгичда тантанали тадбир ўтказилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, нуронийлар, фаоллар, мутасаддилар, лойиҳа пудратчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қайд этилишича, тантанали тадбир ўтказилган кўприкнинг узунлиги 60 метр, эни 15,7 метр, ер сатҳидан баландлиги 9 метрни ташкил этади.

Маълумот учун, лойиҳани халқаро пудратчи – “Lankaran Yol Tikinti” (Озарбойжон) амалга оширмоқда. Лойиҳага Осиё тараққиёт банки маблағ ажратган.

Эслатиб ўтамиз, Бойсун–Денов йўлини реконструкция қилиш ҳақида президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга 2023 йил март ойидаги ташрифида топшириқ берган эди.

Ўшанда давлат раҳбари чуқурларга тўла бу йўлнинг ҳолатини шахсан кўриш учун ўзи автомобил ҳайдаган эди.