Ҳиросима ва Нагасакининг бомбаланиши инсоният тарихида ядро қуроли жанговар мақсадда қўлланган ягона ҳолат бўлиб қолмоқда.
АҚШ Қуролли кучлари ушбу қуролдан фойдаланиб, Иккинчи жаҳон урушига узил-кесил нуқта қўйганди. Фото: Reuters

Инсон пайдо бўлгандан бери турли даражадаги урушлар унга ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Дунё тарихида рўй берган катта-кичик урушларнинг барчаси турли сабаблар билан, аммо бир мақсад йўлида – бошқаларнинг ҳудуди ва бойликларини эгаллаш учун содир этилган. Ҳар ҳолда аксарияти шундай.

Қадимги дунё тарихида, ўрта асрларда дунё унча тараққий топмаган, фан-техника ривожланмаган, қитъалараро муносабатлар унчалик ривожланмаган даврлар эди. Шу туфайли ер юзининг қай бир бурчагида икки давлат ўртасида бўлиб ўтган урушларга бошқалар аралаша олмас, кўпинча урушаётган томонларга тарафкашлик қилувчилар бўлмасди. XIX-XX асрларда дунё жуда тараққий этди. Фан-техника инқилоби рўй берди. Бунинг натижасида одамзод сув остига тушди, космосга учди, юз қаватлик осмонўпар иморатлар қурди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ускуналар яратди. Аммо буларнинг барчаси инсониятни ўзаро урушишдан қайтара олмади. Ҳануз қайтара олмади. Ҳали дунёнинг у чеккасида, ҳали бу чеккасида урушлар бўлиб турибди.

Жаҳон тарихида даҳшатли урушлар кўп бўлган. Аммо XX асргача уларнинг бирортаси жаҳон даражасида бўлмаган. Айнан инсоният ақл-тафаккури энг камолотга етган асрда инсоният бир эмас, икки марта жаҳон урушини содир этди. Бу урушларда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлганидан ташқари, ер юзининг катта қисмида инсоният томонидан қийинчилик билан бунёд этилган шаҳар ва қишлоқлар, саноат корхоналари, инфратузилма объектлари ер билан яксон қилиниб, вайрон этилди.

Айниқса, 1939-1945 йиллар оралиғида бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушининг кўлами ниҳоятда катта бўлди. Бу урушда ўша пайтда ер юзининг 80 фоизига эгалик қилиб турган 73 мамлакат иштирок этади. Бу урушнинг энг кульминацион нуқтаси ўзи шундоқ ҳам енгилай деб турган Япониянинг иккита шаҳрига АҚШ ҳарбийлари томонидан атом бомбаси ташлангани бўлади. Бу даҳшатли иш оқибатида Ҳиросима ва Нагасаки шаҳарлари батамом вайрон бўлади. Аҳолисининг катта қисми ҳалок бўлади, тирик қолганлари эса радиация натижасида ногиронга айланади. Бугун ўша воқеага 75 йил бўлди.

Атом бомба тарихи

Бугун, тарихий фактлар дунёдаги илк атом бомбасини АҚШ олимлари яратганини тасдиқласа ҳам, аслида «оламшумул кучга эга бомба» яратиш ишларини биринчи бўлиб немис олимлари бошлагани ҳам айни ҳақиқат.