Грузия ва Россия ўртасида содир бўлган урушнинг сабабларини бироз аввалроқдан қидириш керак. 2008 йил 5 январда Грузияда президентлик сайлови билан биргаликда мамлакатнинг НАТОга қўшилиши масаласида ҳам референдум ўтказилади. Президент сайловида амалдаги президент Михаил Саакашвили ғалаба қозонади. Референдумда эса унда қатнашганларнинг 77 фоизи НАТОга қўшилиш учун овоз берди.

Февралда Саакашвили НАТОнинг ўша пайтдаги бош котиби Яаап де Хооп Схефферга Грузия альянсга аъзо бўлиш учун музокараларга тайёрлигини маълум қилиб, мактуб жўнатади. Бу эса табиийки ҳудуднинг «катта оғаси» Россияга ёқмайди. СССР тарқаб кетганидан сўнг НАТОнинг чегаралари шимолда, Болтиқ бўйи республикалари ва Польша орқали Россия чегараларига келиб тақалгани ўзи шундоқ ҳам Россия раҳбарларининг ғашига тегиб келаётганди. Шундай ҳолатда «бурнининг таги»даги Грузиянинг ҳам НАТОга қўшилиш учун ҳаракат қилиши Россиянинг наздида ошиқча эди. Шу туфайли 2008 йил 6 март куни Россия Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги режаларига жавобан МДҲ доирасида 1996 йил 19 январда қабул қилинган «Грузия-Абхазия можароларини тартибга солиш» ҳақидаги келишувдан чиққанини маълум қилади.

Россиянинг бу қарори Грузия учун бироз таҳликали эди. Сабаби Россия Грузиянинг расмий Тбилисига бўйсунишни хоҳламаган ҳудудлари Жанубий Осетия ва Абхазия аҳолисига Россия паспортларини аввалдан бериб келаётган бўлса, энди бу ишни тезлаштириши эҳтимоли бор эди. Амалда шундай бўлади ҳам. Россия очиқчасига бу икки республика аҳолисига ўз паспортини бера бошлайди. 2008 йил ёзига келиб Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисининг аксар қисмида Россия паспортлари бор эди.

Шу ўринда Россиянинг асосий мақсади 2004 йилда Саакашвили ҳокимият тепасига келгандан сўнг ўзи билан алоқаларни совуқлаштириб юборган Грузиядан ўч олиш бўлгани ойдинлашади. Чунки Грузия ҳар қанча референдум ўтказмасин, музокара бошлаш учун бош котибга мактуб жўнатмасин, НАТО уни ҳеч қанақасига ўз сафига қўшмас эди. Чунки НАТО сафига қўшилиш учун номзод давлатнинг нафақат қўшнилари билан, балки мамлакат ичида ҳам ҳудудий можаролари бўлмаслиги керак. Украина ва Грузия шу жиҳатдан НАТОга кира олмайди.

Шу ўринда бир мисол: собиқ Югославиядан мустақил бўлиб чиққан Македония НАТОга аъзо бўлиш учун мурожаат қилганига кўп йиллар бўлган эди. Грециянинг биргина «Македония бизнинг вилоят номи, шу учун сен ўз номингни ўзгартирасан», деб қўйган талаби ортидан НАТО Македонияни аввал Греция билан келишиб олишга чақириб, узоқ йиллар ўз сафига қўшмай келади. Охири Македония ён берди ва Греция билан келишиб, ўз номини Шимолий Македония деб ўзгартирди. Шундан сўнг НАТО бу давлатни ўз сафига қўшиб олди.

Россияда эса НАТО ҳудудий можаролар сабаб Грузияни ўз сафига қўшмаслигини яхши билишарди. Россиянинг «Грузия-Абхазия можароларини тартибга солиш» ҳақидаги келишувдан чиқиб кетгани ва бу икки республика аҳолисига ўз паспортини тарқатиши эса Саакашвили ва Грузия ҳукуматига юборилган «алангали салом» эди.