Гуржистон Бош прокуратураси 11 сентябр куни Георгий Барамидзе суд қарори асосида ҳибсга олинганини маълум қилди. У мамлакатда бош вазир вазифасини бажарган, шунингдек, мудофаа ва ички ишлар вазири лавозимларида ишлаган.

58 ёшли Барамидзе айни пайтда Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвили асос солган мухолифатдаги «Ягона миллий ҳаракат» партияси етакчиларидан бири ҳисобланади.

Гуржистон бош прокурори ўринбосари Амиран Гулуашвилининг билдиришича, Барамидзега «ватанга хиёнат, аниқроғи, саботаж» бўйича айблов қўйилади.

Абхазия уруши ҳақидаги гаплари ишга сабаб бўлган

Жиноят иши Барамидзенинг 18 июл куни мухолифатчи сиёсатчи Яго Хвичиянинг YouTube-каналида эфирга узатилган «Гуржистоннинг туғилиши» дастурида айтган фикрлари ортидан очилган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, Барамидзе суҳбат давомида 1992–1993 йиллардаги Абхазия уруши бошида грузин ҳарбийлари асир олмагани, балки қўлга тушганларни жойида отиб ташлаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, шу сабабли гуржи томонида, Абхазия томонидан фарқли равишда, асирларни алмашиш учун «алмашув фонди» бўлмаган.

Барамидзенинг ушбу баёноти бўйича тергов 7 август куни Гуржистоннинг Ветеранлар ишлари бўйича давлат хизмати шикоятидан сўнг бошланган.

Бош прокуратура эса тергов давомида гуржи армияси асирларни отиб ташлаганини тасдиқловчи фактлар аниқланмаганини билдирган.

Идора Барамидзенинг гапларини «асоссиз ва сохталаштирилган» деб баҳолаган. Прокуратура талқинига кўра, унинг баёноти «қасддан қилинган мафкуравий ва тарғибот характерига эга» бўлиб, Гуржистоннинг давлат ва миллий манфаатлари, ташқи хавфсизлиги, мудофаа қобилияти ҳамда давлат институтларига зарар етказишга хизмат қилади.

Шунингдек, прокуратура Барамидзенинг сўзлари Гуржистон имижи ва мамлакат Мудофаа кучлари обрўсига зарар етказгани, Абхазия уруши қатнашчилари ва ҳалок бўлган ҳарбийларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилганини иддао қилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бу баёнот можародан жабрланган аҳоли ўртасида ярашув ва ишончни мустаҳкамлаш жараёнига хавф туғдиргани, Гуржистоннинг тинчлик ва деоккупация сиёсатига путур етказгани ҳамда давлат идораларининг нормал фаолиятини қийинлаштирганини билдирган.

Бош прокуратура Барамидзени эҳтиёт чораси сифатида қамоқда қолдиришни суддан сўрашни режалаштирмоқда. Идора маълумотига кўра, унга қўйилаётган айблов бўйича сиёсатчи тўрт йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Жиноят иши очилган бешинчи собиқ мудофаа вазири

Барамидзе сўнгги даврда Гуржистонда жиноят иши қўзғатилган бешинчи собиқ мудофаа вазири бўлди.

Жорий йил июл ойида Саакашвилининг сафдоши, собиқ мудофаа вазири Бачо Ахалая суд мажлисидаги чиқишидан кейин ҳокимиятни ағдаришга оммавий чақириқлар қилганликда айбдор деб топилиб, икки ярим йилга озодликдан маҳрум этилган.

2025 йил ноябрида эса собиқ ички ишлар ва мудофаа вазири Ираклий Окруашвили 2003 йилда 19 ёшли Амиран Робакидзенинг полиция текшируви вақтида ўлдирилиши билан боғлиқ иш бўйича етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Шунингдек, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ҳукуматининг собиқ аъзолари Жуаншер Бурчуладзе ва Ираклий Гарибашвили ҳам қамоқда. Бурчуладзе пора олишда, собиқ бош вазир Гарибашвили эса пул ювишда айбланган.