«Ҳансирашнинг ўзи пневмония дегани эмас». Штаб аъзоси бу белги бошқа касалликларда ҳам кузатилишини айтди
АОКАдаги штабда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева фуқаролардан келган саволларга жавоб берди.
Хусусан, мурожаатлардан бирида фуқаро ўзида ҳансираш кузатилаётгани, бу пневмония белгиси бўлиши мумкинлиги ҳақида савол берган.
«Ҳансираш фақатгина пневмония белгиси эмас. Ҳансираш бир неча касалликларда кузатилиши мумкин:
- Юқори нафас йўллари ва ўпка касалликларида;
- Юрак қон-томир касалликларида;
- Қон касалликларида;
- Камҳаракат ҳаёт тарзи – бунда бироз жисмоний ҳаракатда ҳансираш пайдо бўлиши мумкин;
- ЎРВИ ёки бошқа инфекцион касалликлар фонида.
Ҳансираш жиддий белги ҳисобланади, шунинг учун сиз ташхисни аниқлаштириш мақсадида шифокорга мурожаат қилишингиз зарур», деди Наргиза Нуриллаева саволга жавобан.
Шунингдек, шаҳарнинг кўп қисмларида ниқоб ва резина қўлқоплари кўчаларда ётиши, бунинг аҳоли саломатлигига таъсири ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.
«Респиратор ниқоблар – эпидемиологик хавфли бўлган тиббий чиқинди ҳисобланади. Улардан ҳар сафар фойдаланишдан аввал зарарсизлантириш лозим. Чунки ниқоб ва қўлқопларда вирус бўлиши мумкин. Фойдаланилган тиббий ниқоблар, бир марталик фойдаланишга мўлжалланган қўлқопларни алоҳида пакетларга йиғиш, герметик ўраш, ва маиший чиқиндилар билан бирга утилизация қилиниши лозим», деди штаб аъзоси.
Брифингда оддий гриппга карши вакцина коронавирус инфекциясига таъсир кўрсатмаслиги ҳам таъкидланди.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси иссиқ ванна, душ ва ҳаммомлар қабул қилиш Covid-19 ’да ёрдам бермаслиги, аксинча, жуда иссиқ сувда чўмилиш зарарли ва куйишларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирган.
«Коронавирус инфекциясига қарши энг яхши ҳимоя усули мунтазам равишда қўлларни ювиш ҳисобланади. Бу ўз навбатида, терида бўлиши мумкин бўлган вирусни зарарсизлантиради ва кўзга, оғизга ёки бурунга тегилганда инфекция тушишининг олдини олади», деди Наргиза Нуруллаева АОКАдаги штабда бўлиб ўтган брифингда.
У антибиотиклар коронавирусни даволашда ва профилактикада самарали ёрдам бермаслиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
«Антибиотиклар вирусга таъсир этмайди, бу гуруҳдаги дори воситалари фақат бактериал инфекцияни даволайди. Covid-19 - янги коронавирус. Бу коронавирусни даволашда ва профилактик мақсадда қўллаб бўлмайди. Лекин агар беморларда шу дори воситаларни қўллаш кўрсатмаси бўлса, шифокор томонидан тавсия этилади», деди Наргиза Нуруллаева.
Шунингдек, коронавирус таъсирида пневмония билан касалланиш ҳолатида ундан қайси йўл тез халос бўлишим мумкинлиги бўйича изоҳ берилди.
«Организмнинг пневмониядан сўнг тикланиши тез жараён эмас. Турли пневмонияларда ўпканинг шикастланиш даражаси ва интоксикация билан боғлиқ. Пневмония касаллигида кислород ва нафас етишмовчилиги кузатилади. Шунинг учун тикланиш жараёни бир қанча вақт талаб этади.
Бу жараён ҳаммада ҳар хил кечади, чунки у беморнинг ёши, умумий ҳолати ва мавжуд бўлган сурункали касалликлари билан боғлиқ. Ишга қайтишингизга поликлиникадаги УАШ динамик кузатувлар асосида рухсат беради», дея Наргиза Нуриллаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
16:38 / 03.12.2023
Хоразмда 20 ёшли талаба пневмониядан вафот этди
18:55 / 27.11.2023
Хитойда болалар пневмонияси билан боғлиқ вазият оғир эмас – ЖССТ
18:31 / 23.11.2023
Тошкентда ЎРВИ тарқалиши кучайди. Вазир масъулларга шошилинч топшириқлар берди
10:06 / 16.02.2023