Қарорнинг асосий мақсади – буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришдир.

Қарор билан:

  • Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди;
  • 2020–2024 йилларда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди;
  • марказни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил қилиш ҳамда Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендияни таъсис этиш ҳақидаги таклифлар маъқулланди.

Қарор орқали Марказ фаолиятига жаҳоннинг етакчи мотуридийшунос олим ва тадқиқотчилари жалб этилади.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

  •  ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш;
  • ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
  • Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;
  • мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларимизнинг калом илмига оид мероси ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг аcл ҳамда электрон нусхаларини тўплаш ва келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий тадқиқотларни ташкил этиш;
  • исломий илмлар, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, симпозиум, семинар-тренинг ва танловлар ўтказиш;