Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистон иқтисодиёти ушбу инқироз даврини бошқа давлатларга қараганда камроқ йўқотишлар билан ўтказиши мумкинлигини кўрсатади.
“Мамлакатнинг мавжуд молиявий имкониятларини, шунингдек, амалдаги чеклов ва тўпланган (ҳамда узоқ вақт тан олинмаган) муаммоларни, шу жумладан соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликларни ҳисобга олган холда, ҳукумат пандемия оқибатларини юмшатиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Асосий вазифа вирус тарқалишини ва шунга мос равишда касалланганлар сонини камайтириш эди”, - деди О. Назиров.
Шунингдек, у иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатнинг олтин-валюта захираларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифига ҳам изоҳ берди.
“Бугунги кунда Марказий банкимизнинг олтин-валюта захиралари ЯИМга нисбатан 56 фоизни ташкил этади, қўшни Қозоғистонда бу кўрсаткич 18 фоизга яқин, Россияда 37, Хитойда 22, Ҳиндистонда 16, Бразилияда 19, Мексикада 15, Индонезияда эса 12 фоизга тенг.
Олтин нархининг тез суръатлар билан ўсишини ҳисобга олган ҳолда, давлат бюджетида кўзда тутилмаган қўшимча даромадларни миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга йўналтириш мумкин эди”, - дейди Назиров.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг таъкидлашича, бошқа ривожланаётган давлатлар билан таққослаганда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи мақбул даражада.
“Биз хорижий валютада ифодаланган ҳамда бюджет танқислиги ва жорий харажатларни молиялаштиришга қаратиладиган ташқи қарзимиз миқдорини назорат қилиб боришимиз керак.
Инвестициявий лойиҳалар ва тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришга йўналтириладиган ташқи кредитларга келадиган бўлсак, бунда қарзларни қайтариш манбалари аниқ (компания даромадидан келиб тушадиган пул оқимлари), кредитлар ҳисобига харид қилинадиган аниқ активлар мавжуд. Бундай қарз маблағлардан оптимал фойдаланилса, хатарлар тўғри таҳлил қилинса, шартномалар оқилона тузилса, бундай мажбуриятларни бажариш борасида муаммога дуч келмаймиз.
Бундай ҳолларда (бу ерда гап асосан хусусий сектор мажбуриятлари ҳамда хорижий валютадаги кредитлар ҳақида бормоқда) мажбуриятлар хежланиши керак (валютадаги даромаднинг мавжудлиги ва ҳ.к.)”, - деди у.
Назиров капитал бозорини ривожлантириш стратегияси ҳақида ҳам гапирди.
“Умид қиламизки, стратегия яқин кунларда ҳукумат томонидан тасдиқланади ва қабул қилинади. Маълумки, ушбу стратегия етакчи жаҳон экспертлари тавсиялари асосида, ЕТТБ ҳамда ОТБ кўмагида тайёрланган бўлиб, энг илғор хорижий тажрибани ўзида мужассам этган. Стратегиянинг асосий вазифаси бутун капитал бозорини мамлакат молия инфраструктурасининг асосий унсури сифатида ривожлантиришдан иборат бўлиб, биз стратегияда юқори мақсадлар ва кўрсаткичларни белгиладик. Масалан, иқтисодиётимизнинг салоҳиятидан келиб чиқиб ва муваффақиятли ривожланаётган бошқа бозорларнинг босиб ўтган йўлини эътиборга олиб, 5 йил ичида бирламчи бозорда ЯИМнинг камида 10 фоизига тенг маблағ – 50 трлн. сўмни жалб қилишимиз (ва иккиламчи бозор ҳажмини оширишимиз) мумкин.

















