16 сентябр куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси 1-тур баҳслари ўтказилди. Ўзбекистон мусобақа мезбони сифатида эркаклар ва аёллар турнирида учтадан жамоа билан қатнашмоқда.
Биринчи турда эркакларнинг асосий жамоаси Ямайкани 4:0 ҳисобида енгди. Биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов, кейинги тахталарда Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов ғалабага эришди. Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Жавоҳир Синдаров дастлабки турда дам олди.
Ўзбекистон-2 эркаклар жамоаси Афғонистонни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ўзбекистон-3 мусобақани Мали устидан қозонилган 3,5:0,5 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади.
Рақобатчилар қандай натижага эришди?
Биринчи рақамда экилган ва асосий фаворит саналаётган АҚШ терма жамоаси Ироқ билан куч синашди ва 3,5:0,5 ҳисобида ғалаба қозонди. Амалдаги Олимпиада чемпиони, иккинчи рақамда экилган Ҳиндистон биринчи турда Таиланд устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Аёллар мусобақаси
Ўзбекистоннинг асосий аёллар терма жамоаси Тринидад ва Тобагони 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Биринчи тахтада Гулруҳбегим Тоҳиржонова, кейинги тахталарда Нилуфархон Имомқўзиева, Гулдона Каримова ва Умида Омонова рақибларидан устун келди.
Ўзбекистон-2 терма жамоаси Того устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистон-3 эса Танзанияни йирик 4:0 ҳисобида мағлуб этди.
2-тур ўйинлари 17 сентябр куни ўтказилади.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Самарқандда 27 сентябргача давом этади.

















