Стартап нима ва пулсиз иш бошлаш мумкинми? Napa Automative компанияси раҳбари ҳамда Napa технопарки асосчиси, ахборот технологиялар соҳаси мутахассиси Умид Абдусатторов Kun.uz'нинг «Эркин суҳбат» кўрсатувида стартап лойиҳаларни амалга оширишга оид турли саволларга жавоб берди. У тажрибасида йўл қўйилган хато ва айни пайтда соҳада кузатилаётган камчиликларни ҳам маълум қилди.
Маълумот учун, стартап инглиз тилидан таржима қилинганда «бошловчи, бошланғич» маъноларини англатувчи, фаолияти бошланганига оз муддат ўтган компания ё ташкилотни англатади. Ушбу термин биринчи марта 1976 йили Forbes журналида ишлатилган. Аммо стартап тушунчаси 90 йилларда интернет-компаниялар акциялари юқори қийматга эга бўла бошлаганда кенг ишлатила бошланган.
— Умид ака айни пайтда нималар билан бандсиз? Ахборот технологиялари жуда тез ўзгаряпти. Жараён ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Пандемия сабаб кўп лойиҳаларимизни онлайн форматга ўтказиб, шу тизимда ишлашга мослашдик, десам ҳам бўлади. Шу кунларда IT компаниялар билан боғланиб талабаларни ишга жойлаш билан шуғулланяпмиз.
— Пандемия IT соҳасидагилар бизнесига қандай таъсир кўрсатди?

— Соҳамиз ҳақида гапирсам, пандемияда «сезон»бўлди дея оламан. Чунки барча бизнеслар автоматлашган тизимга, электрон форматга ўтди. Пандемия IT тадбиркорга икки тарафлама имконият берди. Қайсидир компаниялар қамрови, молиявий қудрати кенгайди. Мисол учун «Зум» тармоғини олсак, карантин даврида талаб жуда юқори. Лекин бизга ўхшаган автомотлашган веб-сайт қиладиганларга бироз қийин бўлди. Автоматлаштирамиз деган ишларимиз тўхтади. Айтишим керак, айрим IT компанияларда бу давр қийин кечди. Кўп компаниялар пандемиядан олдин қийналиб ишлашарди. Сабаби ишлаш тизими электрон бўлиб, уларга талаб кам эди. Мисол учун «E-bozor», «My taxi» тизимларида пандемия даврида харидорлар кескин кўпайди. Қўшнимиз тўйхонаси ёпилиб, ҳудуди қизил бўлди. Шунда у тўйхонасини озиқ-овқат бозорчаси қилиб очди. Ҳозир одам харидор кўп. Ўзи умуман олганда тадбиркор учун ҳар куни таваккал.
— Ўзбекистонда ҳозирги пайтда тадбиркорлик хусусан, IT соҳаси ривожлана бошлади. Кўп нарса интернетга боғлиқлиги учун ривожланмай турганди. Ҳозирда ёшлар стартап лойиҳалар бошлаш ҳақида кўп гапиришади. Сизнингча стартап лойиҳа деганда нимани тушуниш керак?









