Жамият | 11:57 / 28.08.2020
39849
14 дақиқада ўқилади

Депутатлар Хўжаобод туман ҳокимидан норози. Ҳоким устидан шикоят ёзилишига нима сабаб бўлганди?

Ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Хўжаобод туман Кенгашининг бир гуруҳ депутатлари Ўзбекистон Республикаси президенти ва қатор давлат идораларига туман ҳокими Отабек Расуловнинг олиб бораётган ишларидан норози бўлиб мурожаат йўллагани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Биз шикоят йўллаган депутатлар, туман ҳокими ва туман Кенгашининг бошқа аъзолари билан суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур туманга йўл олдик.

Хўжаобод тумани Андижон вилоятининг саноати ҳавас қиладиган даражада ривожланган, иқтисодий кўрсаткичлари юқори, аҳолининг иш билан таъминланиши бўйича етакчи ҳудуд ҳисобланади.

Келганимиздан хабар топган депутатлар туман ҳокимлигига тўпланди. Ҳокимнинг фаолиятидан норози ва унинг тарафида бўлган депутатлар билан суҳбатлашдик. Туман ҳокими Отабек Расулов билан боғланганимизда, айни дамда бетоб эканлигини айтиб, ўрнига биринчи ўринбосар Икромжон Тешабоев интервью беришини айтди.  

“Ҳокимнинг босим ўтказишига, ҳақоратларига чидаб бўлмай қолди. Республика ишчи гуруҳини кутяпмиз”

Президент ва юқори органларга мурожаат йўллаган туман Кенгаши депутатларининг ҳолат бўйича фикрларини тингладик.

“Биз Ўзбекистон Республикаси президенти ва бошқа юқори органларга туман аҳолиси ва депутатлар номидан мурожаат қилганмиз. Мурожаатимиз ортидан ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан ўрганишлар бошланди. Сенатдан алоқага чиқишди. Сенат аъзолари билан учрашув бўлиши кутилмоқда. Чунки биз Хўжаобод халқи номидан бу туманда бўлаётган адолатсизликлар, туман коррупция ўчоғига айланиб қолганлиги, халқнинг қуйи қисмидан чиқиб келаётган турли муаммолар ечимини ўрганиш мақсадида республикадан ишчи гуруҳ сўраганмиз. Ишчи гуруҳининг ҳам келиши кутиляпти. Биз президентимиз сиёсатига ишонамиз. Вилоят мутасаддиларига, керакли ташкилотларга ишонамиз. Туман ҳокимининг одилона, ҳалол иш олиб боришини хоҳлаймиз. 

Сайтингиз орқали, “Депутатлар ёлғончими, халқ ёлғончими, ҳоким ёлғончими? Ким бу ерда ўйин қиляпти?, деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб, вазиятни очиқ  ҳолда ёритишингларни сўрайман. Бизни 6 мингга яқин фуқаромиз ишониб сайлаган. Президентимизни, халқни ишончини оқлашимиз керак. Туманда адолат ўрнатилиши тарафдоримиз. Бошқа ҳеч нарсани талаб қилмаймиз. Юқори идоралардан келиб, депутатларни жалб қилиб, ўрганиш ўтказишларини илтимос қилиб қоламиз, - дейди халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашига Навоий сайлов участкасидан сайланган депутат Қобилжон Мамадалиев.  

Хўжаобод тумани 14-сайлов округидан сайланган депутат Элёрбек Абдураимов:

“Ўн кун олдин туманимизда бўлаётган ҳолат, яъни туман ҳокимини ноқонуний хатти-ҳаракатлари, депутатларга нисбатан, халққа нисбатан, Ўзбекистонда чиқарилаётган барча қонун, қарорларга зид бўлаётган хатти-ҳаракатлар юзасидан норози бўлиб, президентимизга арзнома ёзган эдик. Бу арзномани ёзишимизга асосий сабаб шуки, биз Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳисса қўшамиз деб, номзодимизни қўйдик ва халқ томонидан депутат бўлиб сайландик. Хўжаобод тумани салоҳиятга эга, ҳар томонлама ривожланган. Фуқаролари ғайратли, тадбиркор. Бизнинг туман бундан ўн карра жадал ривожланиши мумкин. Лекин ҳокимининг турли соҳаларга қилаётган сунъий тўсиқлари туманни ўсишига катта тўсқинлик қиляпти. Мен ўзимнинг сайланган округимдаги халқдан тушаётган муаммолар бўйича туман ҳокимлигига, мутасаддиларга депутат сўрови билан бир неча бор мурожаат қилдим. Лекин, туман ҳокимини бу ерда олиб бораётган сиёсати оқибатида биронта туман мутасадди ташкилотлари мени депутатлик сўровимга эътибор қаратгани, қонуний жавоб бергани йўқ. Буни асосий сабаби ҳоким ҳокимият биносида ўтказиладиган йиғилишларни ҳар бирида депутатларни ҳақоратлайди, ҳурматини туширади. Депутат сўрови бераман, сўнг кейинги мажлисда босимини сезаман.

Мени округимда 2019 йил апрель ойида 3 километр 200 метр масофадаги ер ичимлик суви учун аҳоли ўз кучи билан шағал ва асфальт ётқизган йўлларни кавлаб ташлашди. Лекин, иш тугалланмай қолиб кетди. Маҳалла раисига мурожаатларимиздан келиб чиқиб, келишди-да, “Ҳали пули ўтмади” дейишди, кўмиб ташладик. Орадан икки-уч ой ўтгандан кейин яна кавладик. Оқибатда кавланган жойлар шундай қолди. Йўл тупроққа айлантирилди, ёзда чанг, қишда лойга айланади. Ҳаммасини жамлаб туриб, туман ҳокимига депутатлик сўрови йўллаганман. Уч варақдан иборат сўровимга бирор ташкилот жавоб хати йўллагани йўқ. Сабаби, бизни яъни депутатларни бирор ташкилот ҳурмат қилмайди. 2020 йили 7 август куни туман ҳокимлиги йиғилишида, ҳоким, “Депутатлар, сенлар ўзингдан кетишмагин, мен сенларни кунингни кўрсатиб қўяман, ч*чқоқлар!”, деб бир эмас уч марта ҳақорат қилди. Мен буни ўзимга сиғдира олмадим. “Халқ учун югуриб, халқни муаммосини кўтариб шунақа бўлдикми?”, деб ўрнимдан турдим-да, “Отабек Абдуқаҳҳорович, нима деяпсиз, оғзингизга қараб гапиринг” дедим. “Эй сен кимсан, эй “ч*чқоқ”, бу ёққа кел!” деб сўкишда давом этди. Миллий гвардияни чақирди. “Қани миллий гвардия, буни олиб чиқиб ташла”. Туманда миллий гвардия қонунга эмас, Отабек Абдуқаҳҳоровичга хизмат қилишини ўша ерда сездим. Кейин ҳоким телефонимни олиб қўйишга уринди, бунга миллий гвардияни ҳам жалб қилди. “Қўлини қайириб бўлса ҳам телефонини ол” деди. Лекин мен бунга йўл қўймадим. Туман ҳокими билан муроса қилиб, бу туманни равнақи учун биз биргаликда, ҳамжиҳатликда иш олиб боришга кўзимиз етмагани учун тегишли идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлдик. 

Депутатлардан Акромжон Маматов, қарийб 50 йилдан бери қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб, кўп раҳбарларни кўргани, лекин ҳеч қайси бири бу даражада оғзига эрк берганини кўрмаганини айтди. Ҳокимнинг депутатларни беҳурмат қилиб, сўкишлари туманга овоза бўлганидан хафа бўлганига тўхталди.   

“Ҳокимга адоватим йўқ эди. Бироқ, оилам билан нонушта қилиб ўтирсам, аёлим чиқиб, “Дадаси, депутатсиз, йиғилишга борасиз, нимага ҳоким сизларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилди?” деди. Ичаётган чойим ҳам ўтмай қолди. Ёшим 60да. Жуда хижолат тортдим”, дейди Акрамжон Маматов.

Депутат Баҳодир Саидолимов депутатлигидан ташқари, ЎзЛиДеп туман кенгашини аппарат раҳбари сифатида фаолият юритиши, сайлов жараёнида ўзи берган 12 та номзодни туман ҳокими томонидан олиб ташлагани, сайловга ўзига қарашли одамлар номзодини қўйгани ҳақида гапирди. “Сайлов кодексининг 90-моддасини ўқиб кўрсангиз, унда депутат бўлишга тақиқ қўйилган ташкилот раҳбарлари бор. Ўша қоида бузилиб, ҳозир бизда, адашмасам, 6та раҳбар ҳам депутатлик фаолиятини юритяпти, ҳам раҳбарлигини давом эттиряпти. Республикадан ишчи гуруҳ, комиссия келиб ўрганса барчасига ойдинлик киритилади”, дейди у.  

Яна бир депутат Нурали Саидов Хўжаобод туманида қонун бузилишлари, ерлар талон-торож қилинишлари, энг асосийси депутатларга нисбатан ҳурматсизликлар авж олиб кетганига тўхталди.

Ҳокимнинг ҳаракатларидан норози бўлаётган депутатлар билан суҳбатдан сўнг, туман мутасаддилари ва бошқа депутатлар фикрлари билан қизиқдик.  

Ҳоким депутатлардан узр сўради

Халқ депутатлари Хўжаобод туман Кенгашида 25 нафар депутатлар фаолият юритади. Фақат бир томоннинг фикрини тинглаб, воқеага холис баҳо бериш мушкул. Шунинг учун туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва биз билан учрашгани келган бошқа депутатлар билан ҳам суҳбатлашдик.

“Мазкур ҳолат бўйича яъни бир гуруҳ депутатлар, тумандаги фаоллар туман ҳокими номидан республикани бир қатор идораларига мурожаат қилишди. Бу мурожаатларни тегишли ташкилот, тегишли идоралар ўзлари ўрганяпти. Мурожаатда келтирилган воқеа -  ҳокимнинг депутатларга қўпол муомалада бўлгани, уларни йиғилиш залида бир-икки марта беҳурмат қилганлари бўйича ҳоким депутатлар билан учрашди. Ҳоким ҳаммани ичида кечирим сўради. Қолаверса, кеча душанба куни фаоллар йиғилишида яна барчадан узр сўраб, қайтиб бунақа беҳурмат қилиш такрорланмаслигини айтди. Ҳар биттасидан кечирим сўраб, шу нарсани бошқа такрорламаслиги, бошқа ҳолатда бунақа нарса бўлмаслиги бўйича, келгусидаги ишларни биргалашиб, ҳамма депутатлар билан ҳамжиҳат бўлиб,  бирга ишлашни таъкидлаб ўтди. Вилоятимиз ҳокими томонидан ишчи гуруҳи келиб ўрганиб, ҳоким ва депутатлар билан ҳам суҳбатлашди.  Ҳамма ҳам хато қилиши мумкин. Хатодан тўғри хулоса чиқариб, ишлаймиз, деган умиддаман. Энди бундай ҳолат Хўжаободда такрорланмайди”, дейди Хўжаобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Икромжон Тешабоев.

“Хўжаобод туманида бир чиройли ишлар кетяпти. Равнақ топяпти. Ҳамма биргаликда чиройли ишлаётган эдик. Энди ҳақиқатда бу уятли ҳолат. Бу ғалваларга барча депутатлар сабабчи бўляпти, деб ўйлайман. Адолат билан гапириш керак, ҳоким бошчилигида туманда яхши ишлар қилиняпти. Мени Фақирқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидан халқ сайлаган. Ҳоким аралашмаган. Мурожаатда, тумандаги 15та қурилган уйни таниш-билишларига берилди, дейиляпти. Депутат сифатида, ҳам мактабгача таълим бўлими раҳбари сифатида айтаман - шу уйларни очилишига гувоҳ бўлганман. Уйлар ҳақиқий кам таъминланганларга берилган. Буни жойларга бориб, ҳар битта хонадон эгасидан сўраб, ўрганиб, билишларингиз мумкин. Туманда кўп ишлар қилиняпти. Мисол учун маҳаллада муаммо бўлди - Давлатобод маҳалласида сув чиқаришда, 3 километрда. Туман ҳокимига мурожаат қилдим, бориб жойида бартараф қилди, ҳозир сув чиқяпти. Сўқалоқ маҳалласида сув бўйича муаммо бўлди, ҳоким 5-6 километрли жойдаги сув муаммосини ечиб берди. Ишонмасанглар, маҳаллани ўзига бориб фуқаролар билан суҳбатлашинглар.

Буни устига биз туманимиз ҳокими бошчилигида ҳокимнинг ўринбосарлари, депутатлар, ташкилотлар раҳбарлари биргалашиб, мана шу камбағалликни бартараф этиш бўйича, мана Президентимизни ташаббуслари билан, мана эчкилар, жойларда ёрдамлар бериляпти, мана қуён беряпмиз. Ҳар ойда икки-учта депутат сўрови қиламан. Масалалар тезда ҳал бўлади”, дейди депутат Дилфуза Болтабоева.

Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгаши депутати Иброҳимжон Раҳмонов:

“Туман ҳокими Отабек Абдуқаҳҳорович сайлангандан бери таълим соҳасида бир қатор  амалий ишларни қилиб келяпти. Туманда 38та таълим муассасаси мавжуд бўлса, ҳар битта таълим муассасасига бориб, раҳбаридан тортиб ўқувчисигача дардини эшитди.

 Еттита депутатни ёзгани бўйича, фикримни билдирмоқчи бўлсам, депутатларни ёзганларида балки жон бордир... Лекин айтиб қўймоқчиман, бу депутатлик гуруҳини ташкил қилишга еттита депутатни, мени фикримча, ҳаққи йўқ эди. Уларни қилаётган ишларини мен оқламайман. 21 август куни туманда ўтказилган Август кенгашида 38 та таълим муассасаси директорлари берган номзодларга туман ҳокимининг шахсан ўзи телевизоридан тортиб кир машинагача берди. Туман ҳокимига, ундан ташқари туман электр тармоқлари йўналишларига 5-6та  депутатлик сўровлари чиқардим. Муаммолар туман ҳокимлиги бошчилигида тўла ечимини топди.

Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгаши депутати Улуғбек Қосимов:

Мен биринчи ўринда сайловларни одил, шаффоф бўлиб ўтганини тасдиқлайман. Яъни мен ўзимни сайлов округимдан 2800та сайловчи бўлса, 90 фоиз сайлов жараёнида ғолиб бўлдим. Ҳеч қанақа бу ерда Хўжаобод тумани ҳокимини ва бошқа масъул раҳбарларни аралашган жойи йўқ. Бу ерда сайлов шаффоф бўлишига сабаб ҳар доим сайловни натижаси бўйича баённомалар расмийлаштирилиб, деворларга илиб қўйилмас эди.  Тошота маҳалла фуқаролар йиғинидан сайланганман ва сидқидилдан ишлаб келяпман. Туманда қилинаётган, шу қисқа давр мобайнида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтсам, мени сайлов округимда, мана 2 километр, энг танқис ҳудудлардан бўлган Абдулла Қаҳҳор-Тошота маҳалла фуқаролар йиғинида ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди. Электр тармоқлари таъмирланиб, аҳолининг электр таъминотидан бўлган узилишларига чек қўйилди.

Шунингдек, Имомота туризм соҳаси бўлишига жуда катта эътиборини қаратяпти. Ҳозирда шу йўлнинг ўнг томони , чап томони олдин ташландиқ ҳолатда бўлиб ётарди, ҳозир мана шу 90 сотих жойлар обод бўлди. Кунига 500 дан ортиқ , 600 дан ортиқ туристлар, сайёҳлар келади. Ҳозир жудаям уларга қулай шароитлар яратилди”.

Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгаши депутати Давронбек Ҳакимов:

Мен тадбиркорман. Ҳоким, тадбиркорларга, ҳаммага ёрдам бераётгани тўғри. Сизлардан ҳолат билан танишиб, ойдинлик киритиб беришингларни сўраймиз. Ўша кечаги кунги бўлган мурожаатда “15 та уйни ҳам ҳоким ўз яқинларига берди”дейилган. Бу гап умуман нотўғри. Ҳар бир уйга кириб, кам таъминланганларга ёрдам берганман. Туманда коррупция, порахўрлик авж олиб кетганини билмайман.

Хулоса

Мурожаат битган депутатлар тумандаги муаммоли ҳолатни ўргангани Республикадан ишчи гуруҳ келишини кутмоқда. Улар ишчи гуруҳга туманда аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича ҳужжатларни тақдим этишмоқчи.

Биз, Хўжаобод туманидаги ҳолат бўйича ҳар икки томон фикрларини тинглаб, тасвирга олиб ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилдик. Шикоятда келтирилган фактлар қай даражада ҳақиқат эканлигини эса Республика ишчи гуруҳи ўрганишларидан сўнг юзага чиқади, деган умиддамиз.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов,
Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид