Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида болаларни боғчага олиб кетаётган Tracker ЙТҲга учрагани маълум бўлди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, ЙТҲ 21 феврал куни эрталаб “Хўжаобод-Бобур” автомобил йўлида содир бўлган. 40 ёшли И.А. (аёл) 21 нафар болани ўз бошқарувидаги Tracker машинасига миндириб, хусусий боғчага олиб кетаётганда бошқарувни йўқотган. Оқибатда машина йўл четидаги бетон устунга бориб урилган.
ЙТҲда 8 нафар бола турли даражада жароҳатланган. Улардан бири – 6 ёшли қизалоқ оғир тан жароҳати олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай у орадан 4 кун ўтиб вафот этган.
Ҳайдовчи аёл суддаги кўрсатмасида болаларни ҳатто машина юкхонасига ҳам чиқарганини айтган.
“Чап томонимдан қандайдир машина тезлик билан ўтди. Ушбу ҳолатдан қўрқиб кетиб, ўзим билмаган ҳолда машинамни ўнг томонга буриб юбордим. Сўнг йўл четига чиқиб, бошқарувни бутунлай йўқотдим ва ёритиш устунига урилдим. Атрофдагилардан ёрдам сўраб йиғлаб юбордим. Атрофдаги одамлар мени ва болаларни машинадан чиқариб, шифохонага олиб боришди. Қоидаларга риоя қилмасдан 21 нафар болани машинанинг олд, орқа ва “багаж” қисмига чиқардим. Қилмишимдан пушаймонман”, деган у.
Аёл 2-гуруҳ ногирони эканини билдириб, суддан енгиллик сўраган.
ЖИБ Хўжаобод туман суди ҳукми билан И.А. Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) содир қилишда айбли деб топилди.
Унга Жиноят кодексининг 45 ва 57-моддаларини қўллаган ҳолда 2 йил машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил муддатга уй-жойни тарк этишни бутунлай тақиқлаш тарзидаги озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Аввалроқ Нурота туманида 13 нафар боғча боласини ташиб кетаётган Matiz ЙТҲга учраган ва уни бошқарган аёл вафот этганди.











