Хўш, аслида Ургутда нима бўляпти? Масала наҳотки икки маҳалланинг ёши улуғлари, фахрийларнинг аралашуви, ташаббуси билан ҳал бўлмаса?

Биз масалани ўрганиш учун Ургут туманига бориб, дастлаб «Камонгарон» маҳалласи фаолларининг фикр билан қизиқдик.

«Қўшни «Вағашти» маҳалласи билан бир неча ўн йилдан бери сув масаласида турли тортишувлар, келишмовчиликлар келиб чиқмоқда. Мана, сўнгги бир ҳафта давомида яна ўша муаммо қўзғалди. Очиғи, бу умуман маҳаллаларимиз шаънига тўғри келмайди.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бери биз, камонгаронликлар мана шу тоғдан бетон ариқлар орқали сув тортиб келганмиз. Ичимлик сувини ҳам махсус трубаларда олиб келамиз. Бу ишларнинг ҳаммаси ҳашар йўли билан, маҳалланинг саховатли одамларининг кўмаги билан амалга оширилган.

Қишлоғимизга келадиган бетон ариқ сел келиши оқибатида анча зарар кўрди, таъмирталаб аҳволга келиб қолди. Ушбу бетон ариқларни таъмирлашга, сув исроф бўлмаслиги учун қувурлар ташлашга қарор қилдик. Қувурлар олиб келинди, ишларни ҳашар йўли билан бошлаб юбордик. 4 сентябрь оқшомида вағаштиликлар келиб, трубаларни синдириб, бетон ариқларни бузиб кетишибди. Шундан кейин икки томондан ҳам одамлар йиғилди. Ўзаро келишмовчилик ва даҳанаки жанг бошланиб кетди. Аммо икки маҳалладан ҳам ҳеч кимга зарар етгани йўқ.

Бизнинг маҳалламиз аҳолиси вағаштиликларга қараганда кўп. Шу сабабли аввалдан бизнинг маҳаллага сувнинг 60, нариги маҳаллага 40 фоизи бўлиб берилган. Одамларимизга ортиқча сув керак эмас, ўзимизга келадиган сувни исроф бўлмаслиги ва сув йўлини ободонлаштириш учун ҳаракат қиляпмиз», — дейди «Камонгарон» маҳалласи фаоли Раббим Мўминов.

Шунингдек, яна бир меҳнат фахрийси Соли Маҳмудов ҳам қўшни маҳалла одамлари «Камонгарон»га келадиган бетон ариқларни қувурга алмаштиришга йўл қўймаётгани ҳақида гапирди.

Оқсоқолнинг айтишича, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мазкур ҳудудга келиб, одамларни муроса қилишга чақирган. Лозим бўлса, ушбу муаммони одамларнинг ўзи эмас, соҳанинг мутахассислари амалга ошириши, адолатли тақсимот қилиб берилишини маълум қилган.

Нариги маҳалла вакилларини ҳам эшитиш мақсадида Вағаштида бўлдик.

Дарҳақиқат, ушбу икки маҳалла агар сув билан боғлиқ зиддиятлари бўлмаса, ҳудуд жиҳатдан бир-бирига жуда яқин. Қишлоқлар бир-бирига кафтдек кўриниб туради.

Неъмат Иноятов — 84 ёшда, «Вағашти» маҳалласида истиқомат қилади. Ўзининг айтишича, ўтган асрнинг 60-йилларида, айнан икки маҳаллага сув тақсимланган вақтларда мироб бўлиб ишлаган. Отахон кечаги зиддиятлардан, яна эски муаммо кўтарилганидан афсусда эканлигини билдирди.