1978 йилда қурилган хароба бино, биттагина эски гинекологик кресло ва оддий таҳлил учун шаҳарга қатнайдиган одамлар... Бу Ургутнинг чекка ҳудудидаги 21-сонли поликлиниканинг 4 ой олдинги аҳволи эди. Бугун эса бу ерда ойига 100 нафар чақалоқ хавфсиз шароитда дунёга келмоқда. Қисқа муддат ичида “ибтидоий” маскан қандай қилиб замонавий клиникага айланди?
Энг оғири эса тоғли ҳудудларда яшовчи ҳомиладор аёллар билан боғлиқ вазият эди. Аҳволи оғирлашган беморларни қорли ва хавфли йўллар орқали туман марказига олиб чиқишга тўғри келган ҳолатлар кўп бўлган.
2025 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ушбу поликлиникада бўлди. Ташриф чоғида муассасадаги шароитлар ва туташ жойлашган туғуруқхонадаги аҳвол кўздан кечирилди.
Айниқса, туғуруқ бўлимидаги манзара муаммонинг кўламини яққол кўрсатиб берганди. Бўлимда аёллар учун етарли шароит йўқ, замонавий жиҳозлар деярли мавжуд эмасди. Администрация раҳбари ҳолат бўйича масъулларга керакли кўрсатмаларни берганди.

Орадан тўрт ойга яқин вақт ўтиб, поликлиника, туғуруқхона ва тез тиббий ёрдам бўлими тўлиқ қайта қурилди. Янгиланган муассаса 2026 йил апрел ойи охирида аҳолига топширилди.
Бугун бу ер аввалги манзарани эслатмайди. 16 та маҳаллага хизмат кўрсатувчи муассасада физиотерапия бўлими учун ўнга яқин замонавий қурилма ўрнатилди. Илгари бу ерда биттагина эски УВЧ аппаратидан фойдаланилган.
Аввал умуман бўлмаган рақамли рентген аппарати ва замонавий УЗИ ускуналари ҳам келтирилди. Илгари аҳоли оддий таҳлил учун ҳам бошқа ҳудудларга қатнашга мажбур бўлган бўлса, ҳозир лабораторияда 30 дан ортиқ таҳлил турлари шу жойнинг ўзида амалга оширилмоқда.

Туғуруқ бўлимидаги ўзгаришлар эса энг муҳим янгиланишлардан бири бўлди. Илгари битта гинекологик кресло билан чекланган бўлимда ҳозир тўлиқ жиҳозланган операция блоки ташкил этилди. Аввал мавжуд бўлмаган реанимация хонаси ва кислород концентратори ҳам ишга туширилди.
Муассаса маълумотларига кўра, ҳозир ойига қарийб 100 нафар чақалоқ ушбу туғуруқ бўлимида дунёга келмоқда.














