Ўзбекистон | 08:34 / 17.09.2020
6439
2 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартибига қўшимча киритилади

Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 45-банди ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилади.

Ички ишлар вазирининг “Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 45-бандига қўшимча киритиш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди

Билдирилишича, лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги ЎРҚ–629-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2011 йил 31 майдаги 68-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 45-бандига қўшимча киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, мазкур Йўриқноманинг 45-банди тезкор ва махсус хизматларнинг кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчани ёққан ҳолда ҳамда махсус товушли сигналлар билан яқинлашиб келаётган транспорт воситаларига уларнинг тўсиқсиз ўтиб кетиши учун йўл берган транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар фото- ва видеоқайд этишнинг махсус автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда, ҳайдовчиларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги охирги зарурат ҳолатларда содир этилган деб топилишини ва маъмурий иш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилишини назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда.

Қайд этилишича, лойиҳа Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди.

Буйруқ лойиҳаси ҳайдовчиларга янада қулайлик яратишга, жумладан, тезкор ва махсус хизматларнинг автотранспорт воситаларини йўлларда имтиёз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиши давомида бошқа ҳаракат қатнашчиларини уларга йўл бериши натижасида юзага келиши мумкин қоидабузарликларга нисбатан маъмурий иш юритишни тугатиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади, дейилади ҳужжатга тушунтириш хатида.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид